Катталар учун «тез айтиш» ёхуд тилимизни «бураб» ташлайдиган иборалар қаердан пайдо бўлаяпти?

«Ғани ғилдиракни ғизиллатиб ғилдиратди», «Оқ чойнакка оқ қопқоқ, кўк чойнакка кўк қопқоқ», «Қишда кишмиш пишмасмиш, пишса кишмиш — қишмасмиш»… Болалигимизда шу каби «тез айтиш»¬лар айтардик. Бу шунчаки ўйин бўлиб қолмасдан, тилимизни, нутқимизни, талаффузимизни ростлашга, равонлаштиришга хизмат қилгани, шубҳасиз.

Аммо кейинги йилларда тилимизда айрим «тез айтиш»намо антиқа ва ажабтовур иборалар пайдо бўлдики, улар болалар тугул, катталарнинг, ҳатто, ўз ишининг устаси бўлган моҳир нотиқ ва сухандонларнинг ҳам тилини «бураб» ташлайди.

…Мактабда ўқийдиган ўғлим дафтари учун компьютерда муқова тайёрлаб беришимни сўраб қолди. Қўлимга берган матнини кўриб, ажабландим: «… туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли 25-умумий ўрта таълим мактабининг…» Эҳ-ҳе, битта дафтар муқовасига шунча асъасаю дабдаба. Ўғлимнинг айтишича, ҳамма ўқувчилардан шундай ёзиш талаб этилаётган экан. Бира-тўла вазирликдан бошланмабди-да, дедим. Шунчаки «… туманидаги 25-мактаб» деб қўя қолса, олам гулистон эмасми?

Бир пайтлар оддийгина «халқ таълими бўлими» деб аталган муассаса номи ана шунақа узундан-узоқ бўлиб, ўзгариб кетибди. Мактаблар пештоқларидаги лавҳаларда эса унинг қисқартмаси пайдо бўлди: «…вазирлиги…. туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлими…». Қайта-қайта ўқидим, аммо ҳеч тилим қовушмади. Бунақа «оҳанжама» ибораларни ўзимизга кашф қилиб олаверсак, «облУНО», «райОНО» каби алмисоқдан қолган атамалардан қутула оламизми?

Хўш, айтайлик, халқ таълими бўлимлари фаолиятининг йўналишлари қайсидир меъёрий ҳужжат асосида ўзгаргандир. Лекин бу унинг номида тўлиқ акс этиши шартми? Масалан, биргина маҳалланинг ўнлаб вазифалари бор. Уларнинг ҳаммасини «Чармгар… маҳалласи» атамасидаги «уч нуқта» ўрнига қўйиб кўринг-чи. Бўлмаса, тасаввур қилиб кўринг-а шундай атамани: «Эшмат Тошматов» пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, гўштни қайта ишлашга ихтисослашган фермер хўжалиги…» Чарчаб кетмадингизми?

Тилшунослигимизда «аббревиатура» деган ибора бор. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида унга «лингвистикада сўз бирикмаларини қисқартириб, ҳосил қилинган сўзлар», деб таъриф берилади. Аммо қисқартмаларда ҳам мантиқ ва тилимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олиниши керак эмасми?!

Тилда имкон борича ихчамликка интилиш анъанаси мавжуд. Аммо «ХТМФМТ ва ТЭ» дегани қанақасига ихчамлик бўлсин?

Тўғри, меъёрий ҳужжатларга асосланиб, иш тутган яхши. Аммо оддий мулоқот ва ёзишмаларимизда ихчамликка, оддийликка интилганимиз маъқул эмасми?

Бугун тараққиёт меваси бўлган ОАВ, ЮНЕСКО, МДҲ, ДТМ, ЭҲМ сингари қисқартмалар тилимизга жадал сингиб бораяпти. Ва истифода этиш қулайлиги учун қабул қилинаяпти. Аммо ноқулайлари томоққа тош бўлиб қадалади, холос.

Дарвоқе, сўзимиз ниҳоясида сизлар учун яна бир-икки «тез айтиш»ларимиз бор. Болаликни эслаб, би-и-ир машқ қилиб кўрасизми:
СВОЖЖДЛҚК, ВПКҚТОМОИ, ШТБИХ…

Тилдан эҳтиёт бўлинг, тилдан…

Нуриддин ЭГАМОВ

 

SHARE