Эксперт: Ўзбекистон ва АҚШнинг фаол ҳамкорлиги бутун Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг “Тенгриньюс” сайтига берган интервьюсида айтилишича, Ўзбекистон ва АҚШнинг фаол ҳамкорлиги бутун Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Шуни қайд этиш керакки, яқинда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Дисау Бисвални қабул қилган эди. Томонлар иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро муаммолар, хусусан, Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган эди.

Экспертнинг фикрича, АҚШ Марказий Осиёда жиддий эътибор қаратадиган иккита мамлакат бор: булар Қозоғистон ва Ўзбекистондир. Сатпаевнинг наздида, Қозоғистон АҚШ учун нефть-газ соҳасидаги манфаатлари учун эътиборга моликдир. Чунки республикага Американинг анча инвестицияси жалб қилинган. Бундан ташқари, Қозоғистон учун Россия ва Беларусь билан кенг интеграция лойиҳалари бўлишига қарамасдан, ташқи сиёсатнинг кўп томонламалилигини сақлаб қолишда ғарблик шерикликлар муҳим аҳамиятга эга.

“Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари ҳақида гап кетганда, шуни айтиш керакки, Ўзбекистон минтақавий хавфсизликни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон минтақамизнинг муҳим давлати ҳисобланади. Ушбу мамлакатдаги барқарорлик бутун Марказий Осиёдаги барқарорликка таъсир кўрсатади. Шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистон Қозоғистондан фарқли ўлароқ Афғонистон масаласида АҚШ, НАТО ва Россия билан фаол мулоқот олиб борган ҳолда жиддий позициясини сақлаб келади. Шу нуқтаи назардан Тошкент ва Вашингтоннинг позицияси ўзаро яқин бўлиб, улар Афғонистондаги вазият беқарорлашиши ҳамда минтақавий хавфсизликка таҳдид солишидан хавотир олишади”, деди эксперт.

Яна бир қозоғистонлик сиёсатшунос Рустам Бурнашевнинг фикрича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳамкорлик фаоллашаяпти, деб бўлмайди. Бу ҳар доим дипломатия амалиёти. Икки мамлакат ижро ҳокимиятлари вакиллари ўртасида мунтазам учрашув ва ташрифлар ташкил этиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан ўзаро муносабатлар аввалги йиллардагидан тубдан фарқ қилмайди.

Боз устига, яқинда Владимир Путин Ўзбекистонга ташриф буюрди, Ислом Каримов эса Қозоғистонга келди.