Ўзбекистон қайтиб келган меҳнат мигрантларини қандай ишга жойлаштирмоқчи?

Сир эмас, рубль курсининг пасайиши Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар даромадлари ва пул жўнатмалари миқдорига салбий таъсир кўрсатди. Россиядаги иқтисодий инқирознинг тобора чуқурлашиб бораётгани ушбу мамлакатдаги ўзбекларда иккита танловни қолдирмоқда: ё Ўзбекистонга қайтиб, шу ерда кун кўриш чораларини қидириш ёхуд Россияда иқтисодий аҳвол ўнгланишини кутишдир.

Шуни қайд этиш керакки, рубль қиймати 2014 йилда 1998 йилдан бери илк марта жиддий пасайиб, иқтисодиётда турғунлик бошланмоқда. Боз устига, аксарият ўзбекистонлик учун уйига доллар юборишади. Шу боис улар рублнинг қадрсизланишидан энг кўп жабр кўрганлардан ҳисобланади. Қолаверса, 2015 йилнинг 1 январидан барча меҳнат мигрантлари учун рус тилидан имтиҳон топшириш талаб қилинади. Бунда юқори малакали мутахассислар истиснодир. Бу ҳам мигрантлар учун муаммо туғдиради, албатта.

Россия Федерацияси Марказий банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2013 йилда Россиядан 6,7 миллиард доллар юборилган. Бу 2012 йилдагига қараганда 17,5 фоизга кўпдир. Жорий йилнинг учинчи чораги маълумотларига кўра, Россиядан юборилаётган пул ўтказмалари миқдори 9 фоизга, яъни 2.09 миллиард долларгача камайган. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон Россиядан пул юбориш бўйича МДҲ мамлакатлари орасида етакчилик қилмоқда. Қизиқ тарафи, шу йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Ўзбекистондан Россияга юборилган пул ўтказмалари ҳажми тегишинча 35 ва 50 фоиз миқдорида ошган.

Ўзбекистон банклари ассоциацияси вакилининг сўзларига кўра, 2008 йилда иқтисодий инқироз ўзининг чўққисига чиққанда Россиядан пул ўтказмалари ҳажми чорак қисмга камайган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, Россиядан Ўзбекистонга пул юбориш ҳажми қисқармоқда, Россия меҳнат бозорида меҳнат мигрантлари даромадлари тушиб бормоқда. Шундай бўлса-да, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг оммавий қайтиши ҳақида аниқ гапириб бўлмайди. Ўзбекистонда иш ўринларининг камлиги ва бошқа сабаблар туфайли меҳнат мигрантлари ойлик топиш-тутиши ҳатто 400-600 долларгача пасайса ҳам Россиядан иложи борича кетмасликка ҳаракат қилади.

Россия миграция хизмати маълумотларига кўра, ушбу мамлакатда тахминан 2,7 миллион нафар ўзбекистонлик мавжуд.

Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари Фурқат Ҳалиловнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон 2015 йилда ватанига қайтадиган меҳнат мигрантлари 409,5 мингта янги иш жойи ташкил этишни мўлжалламоқда. Бунда ҳукуматнинг махсус дастури билан республиканинг еттита ҳудудида иш жойи ташкил этилиши мўлжалланмоқда. Бунда ҳукумат ва тижорат банклари яқиндан иш олиб боради.

Меҳнат мигрантларини ватанга қайтаришнинг бундай рағбат чораларидан бири меҳнат мигрантларига ишлаб чиқаришни ёки хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш учун ишлатилмаётган давлат кўчмас мулкларини, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектларнинг бузилиши натижасида бўшаб қолган ерни ноль қийматда ёки ижарага бериш кўзда тутилмоқда. Меҳнат мигрантлари хорижда ишлаб топган маблағларини ушбу лойиҳаларга йўналтириши мумкин.

Ушбу дастурга мувофиқ, шунингдек, тижорат банклари меҳнат мигрантларига кичик кредитлар ажратиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги вакилларига кўра, рублнинг қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди. Чунки асосий контрактлар ва контрагентларнинг мажбуриятлари долларда ёки бошқа эркин конвертация қилинадиган валютада амалга оширилмоқда.

Айрим экспертларнинг фикрича, пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши Ўзбекистон иқтисодиётида валюта массаси танқислигини келтириб чиқаради. Турли манбаларга кўра, Ўзбекистонга келадиган йиллик пул ўтказмалари ҳажми мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизини, экспорт даромадларининг эса 45 фоизини ташкил қилади.

Пул ўтказмалари миқдорининг маҳаллий иқтисодиётга таъсирини ҳукуматда ҳам тасдиқлашмоқда. “Бугун Россияда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш анча оммалашган. Ўзбекистонда ушбу дастур қарийб 15 йилдан бери амалга оширилади. Бу бизга молиявий инқироз шароитида устуворлик беради”, деди Рустам Азимов Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро комиссия йиғилишида.

Рустам Азимовнинг сўзларига кўра, 1998 йилдан бери импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг иқтисодиётга таъсири 10 миллиард доллардан ошиб кетди. Бу юз минглаб иш ўринларини яратиш имконини берди. Ҳукумат 2014—2016 йилларда 15,2 миллиард долларлик импорт ўрнини босадиган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кўзда тутмоқда. Ушбу мақсадда 2017 йилга қадар бир қатор имтиёзлар сақлаб қолинмоқда.

“РИА Новости” маълумотлари асосида тайёрланди.

SHARE