Ўзбекистон 2015 йилда 3,5 миллиард долларлик инвестиция жалб қилади

Ўзбекистон 2015 йилда 156 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишга 3,534 миллиард доллар ҳажмидаги хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирмоқда.

Газета.uz хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан тасдиқланган 2015 йил учун Инвестиция дастурига асосан, ҳукумат кафолати асосида 76 лойиҳага 965 миллион доллар, яна 80 та лойиҳага бевосита хорижий инвестициялар ҳисобидан, 2,569 миллиард доллар жалб қилиш кўзда тутилган.

Жумладан, Устюртдаги 4,1 миллиард долларлик газ-кимё мажмуаси қурилиши якунланади. Ушбу йирик лойиҳа Жанубий Корея компаниялари иштирокида амалга оширилмоқда. Хитойнинг CNPC компанияси эса лойиҳа қиймати 800 миллион доллар бўлган “Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг Ўзбекистон қисмини қуришга киришади.

Россининг “ЛУКОЙЛ” компанияси эса 2015 йилда 587 миллион доллар инвестиция киритиши кутилмоқда.
2014 йилда Ўзбекистонда 3,88 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган эди. Январь-сентябрь ойлари давомида 2,1 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилган бўлиб, бу 2013 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 19 фоизга кўп.

SHARE