Ўзбекистон ва АҚШ фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорликни кучайтиради

Шу йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистондаги Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳужжат фуқаролик жамияти шаклланиши муаммоларини ўрганиш, ҳамкорликда илмий ва амалий тадбирларни ўтказишни кўзда тутади.

Хабарда қайд этилишича, томонлар 2015 йилда биргаликда ўтказиладиган тадбирларни амалга оширишни ҳам муҳокама қилган. Хусусан, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакилларининг АҚШга сафарини ташкил қилиш, Вашингтонда давра суҳбати уюштириш, Марказ томонидан ўтказилаётган фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир турли тадқиқотларда ўзбекистонлик экспертлар иштирокини таъминлаш, институт ходимлари учун семинар-тренинглар ва малака ошириш тадбирларини уюштириш, фуқаролик жамиятини ўрганиш методикаси бўйича адабиётлар алмашиш кўзда тутилмоқда.

Жон Хопкинс университети қошидаги фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази 1991 йилда ташкил топган бўлиб, 40 дан ортиқ мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иқтисодиёт салоҳияти мезонлари, давлат ва нодавлат сектор фаолиятини таҳлил қилиш билан шуғулланиб келади.

Ҳамкорлик меморандумини Жон Хопкинс университети қошидаги фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази номидан профессор Войцех Соколовски имзолаган.