Жорж Крол: “Ҳар доим Ўзбекистоннинг дўсти бўлиб қоламан”

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол Ўзбекистон халқи билан хайрлашди.

“Мен Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида ўз вазифамни якунлар эканман, қарийб уч ярим йил давомида бу ерда яшаб, ишлаган давримда менга кўрсатилган кўплаб илтифоти, илиқ муносабати ва меҳмондўстлиги учун Ўзбекистон халқига чин қалбимдан ташаккур айтмоқчиман”, дейилади элчининг хайрлашув нутқида.

Жорж Крол бу вақт мобайнида республиканинг барча вилоятларида бўлиб, ўзбек маданияти, кўҳна ва замонавий тарихи ҳамда муборак ўлканинг табиий гўзаллиги билан чуқурроқ танишганини, энг аввало, буюк муҳаббат ва ҳурмат ила, Ўзбекистон халқини, ёдга олишини қайд этган.

“Сиз қадимий илдизларингизга таяниб, замонавий, фаровон ва ўсиб бораётган давлат қуриш учун мустақиллигингизнинг қисқа йиллари давомида кўп ютуқларга эришдингиз. Бу ерда элчи сифатида ишлаган пайтимда, мен икки мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги шериклик ва дўстликнинг янада чуқурлашишига озгина бўлса-да ўз ҳиссамни қўша олдим, дея умид қиламан. Мен Ўзбекистонни ҳеч қачон унутмайман ва ҳар доим Ўзбекистоннинг дўсти бўлиб қоламан. Раҳмат сенга, Ўзбекистон!”, дейилади нутқда жумладан.

Жорж Крол ўзбек халқи оила-аъзоларига тинчлик, фаровонлик, сиҳат-саломатлик ва барча ишларида улкан муваффақиятлар тилаган.

SHARE