Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро савдони янада кенгайтиришни мўлжалламоқда

Қозоғистон ва Ўзбекистон 2015 йилда тайёр маҳсулотларни етказиб беришни фаоллаштириш орқали ўзаро савдо айланмасини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисида қайд этилди.

Комиссия ҳамраиси, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Бакитжон Сагинтаевнинг айтишича, икки мамлакат раҳбарларининг топшириқларини бажаришга эътиборни кучайтириш, бир-биримизга етказиб бериладиган товарлар турларини кенгайтириш билан боғлиқ бўлган йўналишларни фаоллаштириш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Ўзбекистон республикада ишлаб чиқарилаётган дунёга машҳур маҳсулотларни харид қилиш учун Қозоғистонга фойдали шартлар яратиб бериши мумкинлигини қайд этди.

Томонлар 2015 йилнинг биринчи чорагида тайёр маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш масалаларини ҳал қилишга келишиб олди. Транспорт соҳасида томонлар авиа юк ташиш, шу жумладан, йўловчиларнинг авиаташуви миқдорини кўпайтиришни мўлжалламоқда.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериклари орасида биринчи учталикка киради. Хусусан, 2013 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 фоиз ўсиб, 3,2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилди. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида эса бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан ошди.