Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшиладими?

Маълумки, Ўзбекистон Россия бошчилигидаги турли интерграция лойиҳаларини кўп ҳам қўллаб-қувватлайвермайди. Хусусан, Россия бошчилигидаги Божхона иттифоқи ва ундан сўнг пайдо бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши мумкинлигини доимо инкор қилиб келади.

Аммо Россиянинг бир қатор оммавий ахборот воситалари, сиёсатчилари Ўзбекистоннинг ушбу иттифоққа қўшилиши ҳақида фикр юритишмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси Кенгаши (Сенати) Халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоси Игорь Морозовнинг айтишича, Ўзбекистон ва Тожикистон 2015 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши мумкин. “Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ташкил этилаётган ягона иқтисодий макон Россия билан умумий чегарага эга бўлмаган бошқа мамлакатлар учун ҳам жозибали бўлиб бормоқда”, — деди у, жумладан.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Россия бозорига киришда божларнинг баландлигини айтиб ўтган эди.

“Бизнинг Қозоғистонга экспорт қилаётган мева-сабзавотларимиз жорий йилда 10 фоизга кўпайди, аммо Россияга экспортимиз шунча миқдорда пасайди. Бу Божхона иттифоқи аъзолари эга бўлган божхона имтиёзларига эга эмаслиги сабабли юз бермоқда”, деди Азимов.

Унинг сўзларига кўра, бу савдода шаффоф бўлмаган, “яширин” схемаларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Чунки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Божхона иттифоқига аъзо мамлакатларнинг биттасига олиб кирилади ва у ердан ушбу мамлакат маркаси остида реэкспорт қилинади.

“Россия билан мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри импортни йўлга қўйиш мумкин. Бунинг учун ушбу маҳсулотларни етказиб бериш учун тарифларда преференциялар бериладиган бўлса, реэкспорт четга чиқариб юборилади”, деди Ўзбекистон ҳукумати аъзоси.

Шу сабабли Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида ушбу масалалар кўтарилган эди. Натижада Евроосиё иқтисодий иттифоқи Ўзбекистон билан эркин иқтисодий зона ташкил қилиш бўйича маслаҳатлашув ўтказишига келишилган эди.
“Биз Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида эркин савдо зонаси тўғрисида шартнома имзолаш эҳтимоли бўйича маслаҳатлашувларни бошлашга келишиб олдик”, деди Владимир Путин.

Ўтган йили Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С. Сафоев Ўзбекистон Россия билан ҳали ҳам икки томонлама алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор, лекин янги интеграция жараёнларида қатнашишга тайёр эмаслигини билдирган эди.

“Ўзбекистон Божхона иттифоқига қизиқиш билан қараётгани ҳақида хабарлар бўлган эди. Шуни ишонтириб айтмоқчиманки, ушбу масала муҳокама қилинмади ва кун тартибида йўқ эди. Биз икки томонлама алоқаларни муҳокама қилдик, Ўзбекистоннинг Божхона иттифоқи бўйича позицияси ўзгармаган”, деди Содиқ Сафоев “Мир24” телеканалига берган интервьюсида.

Жорий йилнинг май ойи охирида Россия, Қозоғистон ва Беларусь Евроосиё иқтисодий иттифоқини тузиш ҳақидаги шартномани имзолади. Қозоғистон президентининг айтишича, мазкур 1000 саҳифалик битим 2015 йилнинг 1 январидан кучга кириши кутилмоқда. Россия президенти Владимир Путиннинг қайд этишича, дунё аренасида Жаҳон савдо ташкилоти принциплари асосида ишлайдиган янги иқтисодий ташкилот пайдо бўлмоқда. Унинг фикрича, айрим ваколатларнинг Иттифоқ миллий органларига берилиши давлатларнинг суверенитетига дахл қилмайди.

Мазкур иқтисодий тузилма халқаро ҳамжамият, шу жумладан, минтақа мамлакатлари томонидан турлича кутиб олинди. Ушбу иттифоқнинг келажаги, долзарблиги хусусида турли фикрлар билдирилмоқда, Россиянинг ўз таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган ҳаракати сифатида турли хавотирлар ҳам билдирилмоқда.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов МДҲ маконида ташкил этилаётган турли тузилмалар бир-бирини такрорламаслиги кераклигини таъкидлаб келади.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлмаслигини қайд этиб, мазкур тузилма фаолиятига баҳо берган. Гарчи расмий нашрларда бу ҳақда бирон бир маълумот учрамаса-да, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи тенг ҳуқуқлиликка асосланишига шубҳа билан қарайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Россия шафелигида ташкил этилаётган турли иқтисодий тузилмалар мавзусида иккитомонлама ҳамкорликни маъқул кўриб келади.