Американинг “жиннича” сайлов тизими: нималарни билиш керак?

Сайлов қачон бўлиб ўтади?

2016 йилнинг ноябрь ойида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. АҚШда президент сайлови ҳар 4 йилда -4 га қолдиқсиз бўлинувчи йиллардаги ноябрь ойининг биринчи душанбасидан кейинги биринчи сешанбасида ўтказилади.

Бунда шуни унутмаслик керакки, мабодо 1 ноябрь сешанбага тўғри келиб қолса, у ҳолда сайловлар 8 ноябрда ўтказилади. Жорий йилги календардан кўриш мумкинки, сайловлар айнан 8 ноябрь санасида ўтказилиши мумкин.

Сайловни ким ўтказади?

АҚШда доимий асосда ишловчи Федераль сайлов комиссияси мавжуд бўлиб, 1975 йилдан бери фаолият юритади. У федераль сайлов иштирокчиларининг сайлов кампаниясини молиялаштиришга оид қонунчилик талабларини бажаришини назорат қилади. Унинг 6 нафар аъзоси бўлиб, уч нафари демократик партия, яна уч нафари республикачилар партияси вакили ҳисобланади. Сенат ва Вакиллар палатасининг бир нафардан ходими овоз ҳуқуқисиз комиссия мажлисларида иштирок этади. Комиссия раиси ва унинг ўринбосари ваколат муддати бир йил бўлиб, партия вакиллари кетма-кетлигида раислик қилишади. Комиссия аппарати ходимлари сони 350 нафар кишини ташкил қилади.

Бундан ташқари, Сайловларга кўмаклашиш комиссияси ҳам мавжуд бўлиб, унинг тўрт нафар аъзоси бор. Икки партиядан икки нафар вакил жой олган. У консультатив мақомга эга ташкилот бўлиб, сайлов органлари раҳбар ва ходимлари учун тавсиялар ишлаб чиқади.

Сайловларни ташкил қилишда, шунингдек, Адлия, Мудофаа вазирликлари ҳам иштирок этади. Сайлов қонунчилигига оид шикоятлар суд тартибида кўриб чиқилади.

Сайлов кампанияси қандай молиялаштирилади?

Номзодларнинг ўз сайлов кампаниясини молиялаштириш манбалари жисмоний шахсларнинг беғараз хайриялари, сиёсий партиялар ва сиёсий қўмиталарнинг бадаллари, номзод ва оила аъзоларининг ўз маблағлари, шунингдек, давлат бюджети (президент сайловида)дан ажратиладиган маблағлар бўлиши мумкин. Давлат ходимлари, чет давлат фуқаролари, шунингдек, ижтимоий буюртмаларни бажараётган шахслар томонидан номзодларнинг сайлов кампаниясига бадал киритиши тақиқланган. 100 доллардан ошиқ аноним хайрия ёрдамларини бериш тақиқланган.

Сайлов кампаниясини олиб бориш учун сарфланадиган маблағлар миқдорига чеклов ўрнатилмаган.

Хайрия маблағларининг икки хил шакли бор: “қаттиқ пуллар” муайян номзод учун ажратилса, партиянинг дастурий мақсадларини бажариш учун ажратиладиган маблағ “юмшоқ пуллар” деб аталади. Жисмоний шахслар томонидан муайян номзод учун кўпи билан 2000 доллар миқдорида хайрия маблағи ажратилиши мумкин. Бундай чекловлардан қочиш учун турли сиёсий тузилмалар ташкил этилиб, улар орқали сайлов кампанияси молиялаштириб борилади. Одатда уларнинг фаолияти Федерал сайлов комиссияси томонидан назорат қилинмайди.

Сайлов кампаниясини олиб бориш давлат бюджетидан маблағ олган номзодлар кўнгиллилардан беғараз ёрдам олишга ҳақли эмас. Давлат бюджетидан бир нафар номзодга 84,1 миллион доллар ажратилади. Давлат бюджетидан маблағ олишни хоҳламаганларга маблағ тўплаш ва сарфлашда чеклов белгиланмайди.

Сайлов ташвиқоти қандай амалга оширилади?

Сайлов ташвиқотини олиб бориш муддатлари қонунчиликда кўзда тутилмаган. Бу жараён имкон қадар камроқ қонун билан тартибга солинади. Бунда асосан корпоратив ўзини ўзи тартибга солиш тамойили устуворлик қилади. Қонунчиликда босма нашрларнинг сайловларни ёритишдаги иштирокига оид ҳеч қандай норма мавжуд эмас. Хусусий ОАВнинг сайлов жараёнидаги иштироки фақатгина номзодларга эфир вақтини ҳақ эвазига тақдим қилиш тартибга солинган. Номзодларнинг теле- ва радиоэфирлардан фойдаланишдаги тенглиги эмас, балки ушбу эфирларни сотиб олишдаги тенг шароитлар кафолатланади.

Телевидение ва радиода барча эфир вақти фақатгина ҳақ эвазига тақдим қилинади. Аммо телевидение ва радиодаги ташвиқот материаллари учун сарфланадиган маблағ миқдори жами сайлов кампанияси фондининг 60 фоизидан ошмаслиги лозим. Қонунчиликда сайлов кампаниясини интернетда олиб боришга ҳеч қанақа тўсиқ қўйилмаган.

Ким президентликка номзод бўлиши мумкин?

АҚШ Конституциясига кўра, президент камида 35 ёшда, туғилганидан Америка фуқароси бўлиши лозим. Президентликка номзодлар ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилувчи президент сайловларидан бир неча ой илгари сиёсий партиялар томонидан танлаб олинади.

Президентликка номзодлар қандай сараланади?

Бунинг учун сайловда иштирок этувчи партиялар ичида бошланғич сайловлар, яъни праймериз ўтказилади. Праймериз инглизча сўз бўлиб, “бошланғич, дастабки сайловлар” деган маънони англатади.

Америкада ҳар тўрт йилда ўтказиладиган президентлик сайловлари ўтадиган йилнинг январь-июнь ойларида партиялар праймериз ўтказади. Унда сиёсий партиялардан президентликка ягона номзод танлаб олинади. Кўп ҳолларда жараённинг ўрталарида ягона номзоднинг ким бўлиши аниқланади. Мабодо шу давр ичида ягона номзод аниқланмайдиган бўлса, уни ҳал этилишини партия олий анжуманигача кутишга тўғри келади.

Праймериз ва кокуснинг фарқи нимада?

Америкадаги штатлар партиядан кўрсатиладиган номзодни аниқлаб олиш учун икки усулдан фойдаланишади. Биринчиси праймериз бўлиб, унда фуқаролар анъанавий сайловдаги каби сайлов участкасига ташриф буюради ва партиядан маълум номзодни қўллаб-қувватлаш учун овоз беради. Праймериз тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш асосида ўтказилади.

Кокус эса бошқа усулда бўлиб, кокус ўтказиладиган кунда жамоат жойларида партия вакиллари йиғилиб, баҳс-мунозара ва дебатлар ўтказишади. АҚШнинг 11та штатида праймериз эмас, балки партия конференциялари ёки партиявий референдумлар (кокуслар) ўтказилади.

Республикачилар ва демократлар партиясидан қанча делегат йиққан шахс президентликка номзод бўлади?

Республикачилар партияси вакили президентликка номзод бўлиш учун дастлабки сайловда (праймериз ва кокусларда) камида 1237 та делегатга эга бўлиши керак бўлади. Демократлар партияси вакили эса 2383 та делегат тўплай олсагина, партиядан президентликка номзод бўлиши мумкин. Ҳозирги кунга қадар республикачилар партиясидан Трамп 384 та, Круз 300 та делегат йиққан. Ҳиллари Клинтонда суперделегатлар билан бирга 1130 та, Сандерсда эса 499 та делегат мавжуд.

Оддий делегат ва супер делегатнинг фарқи нимада?

Демократик партиядан президентликка номзодни танлаб олишда супер делегатлар ҳам ҳал қилувчи овозга эга бўлиб, улар — партия лидерлари, Конгрессга партиядан сайланган депутат ва сенаторлар, партия вакили бўлган штатлар губернаторлари ҳамда йирик шаҳарлар мэрлари ҳисобланади. Ҳозирга қадар суперделегатларнинг 458 нафари Ҳиллари Клинтонни, 22 нафари эса Сандерсни қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Суперделегатлар муайян номзодни қўллаб-қувватлашда мустақилидирлар. Делегатлар сони сайловчилар сонига мувофиқ ҳал қилинади. Унга кўра, Техас, Мичиган, Иллинойс, Флорида, Шимолий Каролина, Огайо, Вашингтон, Нью-Йорк, Мэриленд, Пенсильвания, Индиана, Калифорния, Нью-Жерси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Сайлов қачон тугайди?

Америка сайлов тизими президент сайлашнинг ўзига хос усулига эгадир. Номзодларнинг исм-шарифлари сайлаш варақаларида белгиланган бўлишига қарамай, сайловчилар президент учун тўғридан-тўғри овоз бермайдилар. Ҳар бир штат аҳолиси ўша штатнинг Конгрессда бўлган сенатор ва вакиллар сонига тенг “Президент сайловчилари”ни саралайди. Ҳар бир штатнинг энг кўп овоз олган номзоди мазкур штатнинг барча “сайлов овоз”ларини ўз ҳисобига ўтказишга эришади.

Барча 50та штат ва Колумбия округининг сайловчилари-жами 538 шахс – Сайловчилар ҳайъатини ташкил қилади. Конституцияга кўра, ҳайъат ҳеч қачон бир ташкилот тариқасида бир жойда тўпланмайди. Балки мазкур сайловчилар штат марказларида сайловдан кўп ўтмай йиғилишади ва ўз штатларида аҳолининг кўпчилик овозига эришган номзодга овоз берадилар. Муваффақият қозониш учун, президентликка номзод иложи бўлган 538 овоздан 270 овоз тўплаши шарт.

Президентликнинг 4 йиллик муддати ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг, 20 январда бошланади. Анъанага биноан, президентнинг расмий фаолияти Капитолий биносида жойлашган Конгресснинг зиналарида ўтказилувчи инауграция (лавозимига қасамёд қилиш) маросимидан бошланади. Олий Суднинг бош ҳаками бошчилигида янги президент ошкора равишда ўз мансабига қасамёд қилади. Қасамёд маросимидан сўнг, инауграция мурожаатномаси эълон қилиниб, янги президент ўзининг сиёсий йўналиши ва режалари асосларини баён этади.