Тошкентда вақтинчалик прописка олиш учун ижара шартномасини тақдим этиш керак

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди. Ушбу ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинди.

Энди Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш учун фуқаро аввал кўзда тутилган ҳужжатлар билан бир қаторда, турар жойнинг ёхуд унинг бир қисмининг ижара шартномасининг ёки турар жойдан ёхуд унинг бир қисмидан текин фойдаланиш шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхасини тақдим этиши керак.

Агар вақтинча турган жойи бўйича ҳисобда туриш учун мурожаат қилган фуқаро турар жой мулкдорининг яқин қариндоши бўлса, турар жой ёхуд унинг бир қисмидан текин фойдаланиш шартномасининг нотариал нусхасини тақдим этиш талаб этилмайди. Ушбу ҳолатда вақтинча турган жойи бўйича ҳисобда туриш учун мурожаат қилган фуқаронинг ва турар жой ёхуд унинг бир қисми мулкдорининг қариндошлиги даражасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилиши керак.

SHARE