Россия қўшинлари Сурияни тарк этмоқда: халқаро ҳамжамият қандай муносабат билдирди?

Россия президенти Владимир Путин шу йилнинг 15 мартидан мамлакат қўшинларини Суриядан олиб чиқиш тўғрисида буйруқ берди. Путинга кўра, мамлакат Мудофаа вазирлиги зиммасига юклатилган вазифалар “бажарилган”. Шундай бўлса-да, Тартус ва Ҳмеймимдаги ҳарбий базалар амалдаги тартибда фаолият юритишда давом этади. Путиннинг ушбу кутилмаган қарори жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан турлича кутиб олинди. Қуйида уларнинг айримлари билан таништирамиз:

The New York Times:

Президент Владимир Путин Россия қўшинларининг асосий қисмини олиб чиқиб кетиш тўғрисида буйруқ берди. Жараён эса ушбу баёнотдан сўнг бошланди. Россия телеканаллари аскарлар кечқурун оғир техника воситаларини улкан транспорт самолётларига юклаётганини намойиш этди.

Рус қўшинларининг Сурияда жойлаштирилиши ҳарбий вазиятнинг Башар Асад фойдасига ўзгаришига замин яратди. Қўшинни олиб чиқиш тўғрисидаги кутилмаган қарор Дамашқни Женевада мухолифат билан мулоқотда эҳтиёткорана иш тутишга ундайди.

Рус қўшинларининг олиб чиқилиши у даражада кутилмаган бўлди дейиш ҳам ноўрин. Чунки Путин Сурияда ўз мақсадларига эришди. Яъни у Москванинг асосий шеригини қўллаб-қувватлади, Ғарбга жиддий огоҳлантириш сигнали йўлланди. Шу билан бирга, Россиянинг халқаро майдондаги етакчилик мавқеини ҳимоя қила олди.

Бундан ташқари, агар Башар Асадга қандайдир ёрдам керак бўлса, Россия қўшинлари тезкорлик билан етиб келиши мумкин. Бу борада тажриба ва ахборот кампанияси бор.

Press TV (Теҳрон, Эрон)

Кутилмаган қадам қарийб беш йилдан бери давом этаётган урушга барҳам бериш борасида Женевада бўладиган музокаралар арафасида бўлди. Айрим таҳлилчиларга кўра, Россиянинг қарори бирмунча вақтли қабул қилинди ва бу хорижий мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланаётган террористларнинг мавқеини кучайтириши мумкин. Қарор ҳам мухолифат вакиллари учун, ҳам Ғарб мамлакатлари учун кутилмаган воқеа бўлди.

The Daily Mirror:

Бу уятсиз авантюризм эди. Аммо Владимир Путин қисқа муддатда ушбу даҳшатли урушнинг ягона ғолибига айланди. Унинг ҳаводан йўллаган зарбалари қочоқлар оқимини кўпайтирди. Бу эса Европада хаосни келтириб чиқарди. Бундан ташқари, Россия Ўрта ер денгизи ва Яқин Шарқда кенг кўламли ҳарбий плацдармга эга бўлди.

Путин Ғарбга қарши бўлмаса-да, лекин унинг шерикларига нисбатан армияни қўллаши мумкинлигини исботлади. У асосан Ғарб мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланган исёнчилар ҳудудига зарба берди.

Иккита самолёт қулаб тушиши ва бир нафар учувчи ҳалок бўлиши ҳисобига у бебаҳо айғоқчилик маълумотларини қўлга киритди. Шунинг учун ҳам Россия армияси ўз мақсадига эришди, деганида бироз камтарлик қилди.

The Wall Street Journal (Нью-Йорк, АҚШ):

Путин Асадни қутқариб қолди. Чунки у аралашмаганида, Асад аллақачон ҳокимиятдан ағдарилган бўларди. Россия “Ислом давлати” террористик ташкилоти жангариларини ўққа тутганини таъкидлаган бўлса-да, Башар Асаднинг суннийлардан иборат душманларини ҳаводан ўққа тутди. Ҳаводан юборилган зарбалар ва “Ҳизболла” ҳаракатининг қуруқликдаги амалиёти мухолифатнинг Алепподаги мавқеига путур етказиб, Сурия ғарбида амалдаги режим учун кенг хавфсизлик зонасини юзага келтирди.

Бу эса Башар Асадга Женевадаги музокараларда катта имкониятлар тақдим қилади.

The Times:

Нашрнинг ёзишича, Россия қўшини ҳеч қандай кўзга кўринадиган ғалабага эришмади. Путиннинг кутилмаганда ҳарбийдан музокарачига айланиши юзасидан ғарблик экспертлар тўртта маънисиз омилни ўртага ташлашмоқда.

Биринчидан, Путин Асаддан воз кечди. Россия қўшинларини олиб чиқиш билан Путин ўз вассалига ҳокимиятни тарк этиши кераклигини ҳамда ўтиш даври ҳукуматини шакллантириши кераклиги билан огоҳлантирди. Бу тинчлик йўлидаги музокаралардаги энг асосий тўсиққа барҳам беради. Путиннинг Башар Асад билан муоммалари бор эди. Эҳтимол у Башар Асадга ўринбосар топгандир. Эҳтимол бундай қарорга рус ҳарбий қўмондонлиги тавсиялари сабаб бўлгандир.

Иккинчидан, тактик чекиниш. Россия тинчлик йўлидаги музокаралар муваффақият қозонишига ишонмайди. Ва Башар Асад қўшинлари камайиб қолган мухолифатга бас кела олади. Бундан ташқари, Сурияга Россия армияси разведка маълумотлари, ҳаво кучлари билан яқиндан ёрдам беришда давом этиши мумкин.

Учинчидан, Украина фронти. Россия фақат битта фронтда уруш олиб бориши мумкин. Ҳозир у Украинадаги ҳарбий кампанияни олиб бориш учун янги кучларни тўпламоқда.

Тўртинчидан, Саудия подшоҳи, агар Россия Суриядаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатса, ушбу мамлакатга ташриф буюриши мумкинлигини режалаштирмоқда. Саудия Россияга нефть нархини барқарорлаштириш учун жуда ҳам керакдир.

Le Figaro (Париж, Франция):

Қўшинни олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги қарор ҳақиқиймиди ёки тактик чекиниш? Манбаларга кўра, бу Женевадаги музокараларда аниқ натижаларга эришиш йўлида қилинган хатти-ҳаракат. Ўз баёноти билан Россия курдлар, шунингек, ўтиш ҳукумати негизини ташкил қиладиган мухолифат вакилларини ўз тарафига оғдириб олишни ўйлаётган бўлиши мумкин. Бу қадам Россиянинг Сурия келажаги борасидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Россия Сурияга қўшин киритиши билан  Башар Асад ҳаётини сақлаб қолган бўлса-да, иккинчи бир мақсадга, яъни Туркия билан чегараларнинг ёпилишига муваффақ бўлмади.

SHARE