Украина Ўзбекистон автомобилларига нисбатан жорий қилинган қўшимча бож тўловини бекор қилди

Шу йилнинг 20 мартида Украина халқаро савдо бўйича идоралараро комиссияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар импорти учун махсус божларни бекор қилди.

Хабарларда айтилишича, ушбу қарор Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги мурожаати асосида шу йилнинг 14 март куни қабул қилинган ва беш кундан сўнг кучга киради. Украина 2015 йилнинг охирида автомобиллар импорти учун 12,12 фоиз миқдорида бож жорий қилган эди. Бу қарор Ўзбекистон ҳукуматининг 2015 йил ўртасида Украина товарларига нисбатан жорий қилинган бож тўловига жавоб сифатида қабул қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўзининг шу йил 16 февралдаги қарори билан бундан олдинроқ Украина товарларига жорий қилинган қўшимча бож тўловларини бекор қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Украина бозорига Ravon янги моделлари сотувини йўлга қўяди.

SHARE