Ўзбекистонлик усталар Афғонистонда Камолиддин Беҳзод мақбарасини тиклаш бўйича иш олиб бормоқда

Бобур халқаро жамоат фонди Ҳиротда жойлашган мусаввир Камолиддин Беҳзод мақбарасини тиклаш бўйича иш олиб бормоқда. «Shov-shuv.uz» сайти мақбара устида олиб борилаётган ишлар акс этган суратларни эълон қилди.

Daryo.uz сайтининг ёзишича, аввалроқ Бобур халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов 2015 йил ёзида Ҳиротда Алишер Навоий мақбарасини ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани, шу аснода Ҳирот вилояти волийси Муҳаммад Осиф Раҳимий билан учрашгани ва унда Камолиддин Беҳзод мақбарасини тиклаш борасида ҳам фикр алмашилганини маълум қилганди.

Зокиржон Машрабов «Маънавий ҳаёт» журналига берган интервьюсида Камолиддин Беҳзод мақбарасининг лойиҳаси чизилаётгани, сангтарош уста Тоҳиржон Раҳимов эса сағана тошини тайёрлашни бошлаб юборганини айтиб ўтганди.

“Камолиддин Беҳзод мақбарасини қайта тиклаш ишларини 2016 йилнинг биринчи ярмида якунига етказмоқчимиз”, — деганди Бобур халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов «Маънавий ҳаёт» журналига берган интервьюсида.