Испаниядаги автоҳалокатда ўзбекистонлик талаба вафот этди

Барселона яқинида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 13 нафар киши ҳалок бўлди. Euronews телеканалининг Каталония ҳокимияти вакилларига таяниб хабар беришича, қурбонлар орасида Ўзбекистон  фуқароси ҳам бор. Хабарда айтилишича, етти нафар Италия, икки нафар Германия, бир нафардан Руминия, Франция, Ўзбекистон, шунингдек, Австрия фуқаролари ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг барчаси 19-25 ёш атрофидаги қизлар бўлган. Авария натижасида 34 киши турли даражада тан жароҳати олган. Улардан олти нафарининг ҳолати оғир аҳволда. Ушбу воқеа муносабати билан Каталония автоном вилоятида душанба ва сешанба кунлари мотам куни эълон қилинган.

Барча қизлар Каталония университети талабалари бўлиб, уларнинг аксарияти “Эразмус” дастури бўйича Испанияга келишган. Талабалар Валенсияда бўлиб ўтган анъанавий “Лас-Фальяс” фестивалидан қайтаётган бўлишган. Хабарларда айтилишича, ҳайдовчи рулда ухлаб қолган бўлиши эҳтимоли бор.