Ўзбекистон Марказий банки 10 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилиши ҳақида миш-мишларни рад этди

Ўзбекистонда 10 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилиши ҳақида ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизматига таяниб, Daryo.uz сайти хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, сўнгги бир неча кундан бери оммабоп ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда гўёки яқин вақт ичида муомалага чиқариладиган 10 минг сўмлик дея эътироф этилаётган купюра тасвирланган суратлар тарқалмоқда.

Қизғиш купюранинг олд томонига Ўзбекистон герби тасвири туширилган ва лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувида “10 000 сўм” деб ёзилган, орқа томонида эса Шаҳрисабздаги Оқсарой майдони сурати ва “Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги” ёзуви бор.

Маълумот учун, ҳозирги вақтда ўзбек сўмининг энг катта қийматли купюраси 5 000 сўм ҳисобланади. Мазкур купюра 2013-йил 1-июлдан муомалага чиқарилган. Бундан ташқари, 1994-йилдан бери 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500 ва 1000 сўмлик купюралар ҳам муомалага чиқарилган.

SHARE