Испаниядаги автоҳалокатда вафот этган ўзбекистонлик талаба қиз ҳақида яқинлари фикр билдиришди

20 март куни Испаниянинг Таррагона провинциясида юз берган автоҳалокат турли мамлакатлардан келган 13 нафар талабанинг ҳаётига зомин бўлди. Улар орасида Австриянинг МОDUL университетида таҳсил олаётган самарқандлик Моҳина Абдусаидова ҳам бор эди, деб ёзади самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев Газета.uz сайтида.

Моҳина Абдусаидовлар оиласидаги уч қиздан энг кенжаси эди. Катта опаси Нью-Йорк университетларидан бирини битириб, ҳозирда Испанияда криминалистика соҳасида ишламоқда, ўртанча қизи Венада ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олмоқда. Ўғли ҳам Австриядаги гимназияда ўқимоқда.

Daryo.uz сайтининг ёзишича, Моҳинанинг отаси Юсуф Абдусаидов қизи иштиёқ билан ўқиганини, ҳатто унга танбеҳ беришгачгина, дарс тайёрлаш вақтида танаффуслар қилиб турганини айтиб берди. У Самарқанддаги 35-мактабни битириб, Венага жўнаб кетган ва у ерда немис тилида ўрта таълимни тугаллаган. Сўнг МОDUL университетига ўқишга кирган.

«Ушбу университет тўрт нафар энг яхши талабаларни алмашув дастури бўйича бошқа олий таълим муассасаларига жўнатган. Моҳина Испанияни танлади, у ерда бир семестр давомида ўқиб келиши керак эди. Қисқа вақт ичида у ўзини шунчалик кўрсата олдики, гуруҳ ичидан икки кишини, жумладан уни ҳам Европарламентга жўнатиш учун танлаб олишган. Билишимча, талабалар депутатлар билан мулоқот қилиши, шу орқали уларнинг ва олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни сифатини баҳолашлари керак эди», — деди Юсуф ака.

20 март куни эрталаб Юсуф ака одатдагидек, интернетда дунё янгиликларини ўқиб ўтирганида, Испаниядаги автоҳалокатдан хабар топди. Ҳеч нарса ҳақида шубҳаланмаган ҳолда, Моҳинага қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Унинг телефони жавоб бермади, бу бир неча марта такрорланди.

Испания полициясига қўнғироқ қилиб, ҳеч қандай маълумотга эга бўла олмагач, Юсуф ака у ерга ўзи боришга қарор қилди. 20 март куниёқ, куннинг иккинчи ярмида йўлга отланди. Барселонага етиб келгач, полиция участкасига кириб, қизи ҳақида сўради. Полициячилар Арагон билан боғланди ва у учун машина юборишларини айтди. «Шундагина қандайдир нохушлик юз берганини сездим», — деди у.

Ота 22 март куни Моҳинанинг жасадини олиб, ортга қайтди. «Ушбу машъум йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлганларнинг ватанлари — 16 мамлакатдан Испанияга бир неча минг киши етиб келди. У ерда ҳатто Италия бош вазири ҳам бор эди, марҳумлар орасида ушбу мамлакатдан етти талаба бор эди», — деди Моҳинанинг отаси.

«Катта қизим Моҳинанинг электрон почтасини очиб, у 19 март куни тонгда ўз резюмесини БМТ ва ЕХҲТга стажировка учун жўнатганини кўрди. Демак, у буни автобусга ўтиришдан сал аввалроқ амалга оширган. У яшашга шошарди. Мен ва рафиқам учун ҳаёт ушбу даҳшатли фожиадан олдинги ва ундан кейинги қисмларга бўлинди. Бизнинг уч фарзандимиз, невараларимиз бор, аммо…»

Моҳинанинг 35-мактабда бирга ўқиган синфдоши Меҳрангиз Аҳрорқулова унинг дугонаси барча соҳада биринчи бўлишга интилгани, бироқ атрофдагилардан ажралишга ҳеч ҳам ҳаракат қилмаганлигини айтиб берди. «У синфимиздаги энг уятчан қиз эди. Унинг асосий ва ягона мақсади ўқиш эди, у тил ўрганишни яхши кўрарди. Мактабда биз инглиз тилини ўрганардик, олтинчи синфдан бошлаб Моҳина немис тили билан қўшимча шуғуллана бошлади», — деди у.

Моҳинанинг катта опаси у жуда кўп дарс қилгани, ўқигани ҳақида гапириб берди. «Унинг ўқиш ташқари қизиқишлари ҳам кўп эди. Орзулари катта эди. У БМТ, ЕХҲТ ёки МАГАТЭда стажировка ўтамоқчи эди. Шекспирни асл тилда мутолаа қиларди. У ўқиган сўнгги китоб — Пауло Коэльонинг “Алкимёгар”и эди», — дея қайд этди опаси.

Ўз муваффақиятлари билан талабалар ва ўқитувчилар ҳурматини қозонган ўзбекистонлик талаба Моҳина хотирасига МОDUL университети тепасида мотам байроғи кўтарилди.

SHARE