Ислом Каримов Покистон раҳбариятига ҳамдардлик билдирди

Шу йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн ва Бош вазири Навоз Шарифга Лаҳор шаҳридаги истироҳат боғида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонларнинг, айниқса аёллар ва ёш болаларнинг нобуд бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик ифодаланган мактублар йўллади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мамлакат раҳбари қурбон бўлганларнинг ҳамда жабрланганларнинг оила аъзоларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Покистоннинг Панжоб провинцияси маркази Лаҳор шаҳрида истироҳат боғидаги болалар майдончасида террорчи ўзини портлатиб юборди. Натижада 72 киши ҳалок бўлди, 300 дан зиёд киши жароҳат олди.