Ўзбекистон Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг кейинги турига чиқди

Шу йилнинг 29 март куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ЖЧ—2018 ва Осиё Кубоги—2019 саралаши доирасида Ўзбекистон — Баҳрайн учрашуви бўлиб ўтди.

Ўйиннинг 49 дақиқасида Сардор Рашидов томонидан урилган гол ягоналигини сақлаб қолди.

Қайд этиш керакки, Самвел Бабаян шогирдлари мазкур учрашув олдидан ЖЧ–2018 турнирининг 3-саралаш босқичига йўлланмани қўлга киритиб бўлганди ва ушбу учрашувлар гуруҳда қайси жамоа биринчи ўринни эгаллашини ҳал қиларди.

“Н” гуруҳининг иккинчи учрашувида КХДР сафарда Филиппинда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва 16 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Эндиликда Ўзбекистон 10 тур ўйинларидан кейин 21 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Охирги турда 3 очкони қўлга киритган филиппинликлар 10 очко билан учинчи ўринни эгаллаб, 2019 йилги Осиё чемпионатида иштирок этадиган бўлишди.

ЖЧ–2018 3-саралаш босқичига 12 апрель куни қуръа ташланади. Унда Осиёнинг энг кучли 12 жамоаси икки гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб боради.

SHARE