Ёдгорой Мирзаева ўзбекистонлик хотин-қизлар орасида биринчи марта бокс бўйича Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритди

Хитойнинг Куинан шаҳрида XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун ўтказилаётган Осиё ва Океания қўшма лицензион чемпионатида Ёдгорой Мирзаева 51 килограммгача вазн тоифасида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.

Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, Мирзаева ярим финалда Хитой Тайпейи вакили Лин Ю Тиндан 2:1 ҳисобида устун келиб, “Рио-2016” ўйинларига йўлланма олган. Шу тариқа, Ёдгорой Мирзаева ўзбекистонлик хотин-қизлар орасида биринчи бўлиб бокс бўйича Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Умуман, бугун ушбу мусобақада қатнашаётган 7 нафар ўзбекистонлик Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.