Сенат прокуратура органлари фаолиятини назорат қилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилди.

Сенат матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Конституциясида белгиланган «прокуратура органларининг Олий Мажлис Сенати олдида ҳисобдорлиги»ни таъминлаш ва рўёбга чиқаришда Бош прокуратура ва унинг маҳаллий органлари фаолияти устидан парламент назоратининг таъсирли механизмини йўлга қўйиш зарур.

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида парламент назоратини ва прокуратура органлари фаолиятининг қонунийлигини кучайтириш заруратига алоҳида урғу берилганди.

Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ Комиссиянинг зиммасига қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, прокуратура органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва уларнинг ишлаш усулларини янада такомиллаштириш юзасидан прокуратура органлари фаолияти, уларнинг зиммасига юклатилган вазифалар самарали бажарилаётганлиги устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш вазифалари қўйилди.

Қарорда Комиссия аъзолари сенаторлар орасидан уларнинг ваколатлари муддатига республиканинг барча минтақаларидан вакил бўлган ўн беш кишилик таркибда Сенат томонидан сайланиши белгиланган.

Шу муносабат билан батафсил ва ҳар томонлама муҳокамадан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси таркибини туздилар ва тасдиқладилар.

SHARE