Абдулазиз Комилов Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосарини қабул қилди

Шу йилнинг 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қўшма Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамдўстлик ишлари бўйича вазири ўринбосари Тобиас Эллвудни қабул қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, суҳбат чоғида турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда кузатилаётган давлатлараро муносабатларнинг ижобий динамикаси, жумладан парламентлар ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқалар Ўзбекистон—Буюк Британия конструктив мулоқотининг истиқболли йўналишларини изчил мустаҳкамлашга бўлган ўзаро қизиқишни тасдиқлайди.

Ўзбекистон ва Буюк Британия ўзаро савдо ҳамда инвестицияларни жалб қилган ҳолда қўшма корхоналар ташкил этишга ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор соҳаси сифатида қарайди. Бугунги кунда мамлакатимизда британиялик сармоядорлар иштирокида 547 та корхона, шу жумладан 100 фоизлик хорижий сармояси асосида 151 та корхона мавжуд.

Учрашувда Тошкентдаги Вестминстер Университетини маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналаридан бири сифатида эътироф этилди.

Буюк Британия Элчиси Кристофер Аллан қатнашган мазкур музокараларда халқаро кун тартибининг долзарб масалалари, шу жумладан Афғонистондаги вазият ҳам кўриб чиқилди.

SHARE