Чикаголиклар фахрланадиган йигит

Дейдиларки, одамлар асосан табиатан уч тоифа бўлишар экан:

Биринчи тоифа одамлар ғийбатчи одамлар – улар бошқаларнинг гапини қилишни яхши кўришар экан;

Иккинчи тоифа Савдо Одамлари  –  уларнинг мавзуси фақат бизнесдан, пулдан иборат экан.

Ва ниҳоят учинчи тоифа Ғоялар кишилари  – улар ҳаётда фақат янги-янги ғоялар устида бош қотиришар эканлар. Шунингдек буларни Зиёли(Интеллигент) кишилар ҳам дейишар эканлар.

Мен Жамшид Эшонхўжаэв тўғрисида ҳар гал ўйлаганимда уни учинчи тоифага киритаман. Нега дейсизми? Мана эшитинг:

Жамшиджон бизнинг Чикаголик Ўзбеклар ҳайъат аъзолигига қўшилганига атиги бир йил бўлди. Мана шу қисқа вақтда у ўзининг янги-янги ғоялари билан жамоамиз обрўйига обрў қўшди. Албатта, бизнинг ҳайъат аъзоларимиз кўнгилли холис хизмат қилувчи фидойи инсонлардан ташкил топган. Шундай жамоага Жамшиджоннинг қўшилгани эса нур устига аъло нур бўлди.

Унинг ташаббуси билан биз Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Қўшма Штатларда яшовчи болалар ўртасида “Олтин Қалам” танловини, Ўзбек пазандачигини қардош халқларга намойиш қилиш мақсадида “Палов Куни”, Буюк Ўзбек шоири ва Ўзбек тили асосчиси Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан “Навоийхонлик”, Улуғ ўзбек саркардаси Амир Темур туғилган кунга 680 йил тўлиши муносабати билан Чикаголиклар ўртасида шахмат мусобақаси каби бир қанча тадбирларни ўтказдик.

Диққатга сазовор томони шундаги Жамшиджон ушбу тадбирларни нафақат таклиф қилди, балки унинг ўзи ушбу тадбирларни ўтказишда шахсий намуна бўлди, вақтини ва маблағини аямади.

Бундан ташқари у Чикаго Ўзбек Америка Ассоциациясининг турли тадбирларини Ахборот воситаларида ёритишда (Фасебоок, Инстаграм, Ватандош, Кун.Уз ва бошқалар) ҳам жонбозлик кўрсатмоқда. Унинг яхшигина журналистлик таланти бор.

У ўзи асосан Рус мактабида таълим олганига қарамасдан Ўзбек адабиётини ҳам яхши билади. Инглиз тилида равон гаплашади. Яхши кўрган спорти бокс билан мунтазам шуғулланади.

Бир сўз билан айтганда Жамшиджон ҳақиқий зиёли йигит.

Биз — чикаголиклар Жамшид Эшонхўжаевдек сафдошимиз борлигидан фахрланамиз.

 

Олим ШАРИПОВ

SHARE