Қозоғистонда ер ислоҳоти: нега ушбу илғор ғоя аҳоли қаршилигига учради?

Ўтган йили ноябрь ойида Қозоғистон Республикаси Ер кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар — қишлоқ хўжалиги ерларини сотиш ва ижарага беришга оид янгиликлар мамлакат аҳолисининг кескин эътирозига сабаб бўлди. Гарчи расмий нашрлар ёритмаган бўлса-да, кўп сонли митинг ва намойишлар уюштирилди. Намойишчиларнинг фикрича, янги нормалар чет элликларга ер сотиб олиш имкониятини беради. Айниқса, Хитойнинг экспансияси тобора кучайиб бораётган бир шароитда оддий қозоғистонликларни жиддий ташвишга солди.

Пировардида Нурсултон Назарбоев республика миллий иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги вазирларини истеъфога чиқарди. Қонун нормалари аҳоли ўртасида кенг ва тўғри тушунтирилмагани сабабли Президент фармони билан янги Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги ташкил этилди. Президент матбуот котиби Даврон Абаев эса янги идора раҳбари этиб тайинланди. Шу билан бирга, Президент фармони билан қонуннинг янги нормаларини амалиётга татбиқ этишга мораторий ўрнатилди. Ҳозирча қонун нормалари қўлланилмай туради.

Хўш, Ер кодексига қандай янгиликлар киритилган эди?

Қонун талабларига кўра, шу йилнинг июль ойидан бошлаб давлатнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 1,7 миллион гектар ер фонди аукцион орқали сотувга қўйила бошланиши керак эди. Ҳозирги кунда мамлакатда ер 49 йилга ижарага берилади. Агар ижарачи шу ерни харид қилишни истаса, у имтиёз асосида (ернинг 50 фоизи нархида) 10 йил муддатда тўлаш шарти билан аукционсиз сотиб олади. Бунда, албатта, ердан оқилона фойдаланиш асосий талаб ҳисобланади.

Қонунга биноан, чет эллик шахслар ва юридик шахслар ерни 25 йил муддатга ижарага олишлари мумкин. Айнан мана шу норма қозоғистонликлар ўртасида кескин қаршиликка сабаб бўлди. Чунки ушбу норма талаблари кенг тушунтириб берилмагани аҳоли ўртасида тушунмовчиликка сабаб бўлди. Одамларнинг фикрича, хитойликлар Қозоғистон ерларини оммавий сотиб олиши ва мамлакатни эгаллаб олиши мумкин.

Миллий иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 100,8 миллион гектар қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер бор. Улардан 1,3 миллион гектари хусусий бўлса, 99,5 миллион гектари ижарага берилган. Янги қонун талабларига биноан, 1,7 миллион гектар ерни пуллаш кўзда тутилган эди.

Юқорида қайд этилганидек, хорижликларга ер сотиш кўзда тутилмаган. Чет элликлар ижарага олган ернинг умумий майдони 65 минг гектар ёки умумий ер фондининг 0,06 фоизини ташкил қилади. Одамларнинг ижтимоий тармоқлардаги кескин муҳокамалари, қолаверса, турли митинг ва намойишлар натижасида президент қонун талабларини ижро этишни тўхтатиб туришга қарор қилди. Президентнинг айтишича, “Ер кодекси устида иш олиб борган давлат идоралари ўз вазифаларини эплай олишмади”.

“Агар қозоғистонликлар қабул қилинган қарорларга ишонмас экан, демак, бу нотўғри”, деди президент. Умуман, собиқ Иттифоқ ҳудудидаги айрим мамлакатлардаги вазият Қозоғистон раҳбариятини эҳтиёткорроқ муносабат билдиришга ундади.

Экспертларнинг фикрича, бозор иқтисодиёти ривожланишини танлаган ҳар бир мамлакат албатта ерга бўлган мулк ҳуқуқини жорий этиши керак бўлади. Чунки ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишигина капиталистик омилларнинг ишлашига олиб келади. Шунинг учун ҳам кўпчилик таҳлилчилар янги қонун талабларини Қозоғистон учун инқилобий аҳамиятга эга эканлигини қайд этишаётган эди. Албатта, Нурсултон Назарбоев жорий қилган мораторий ерни хусусийлаштириш масаласи тўхтади, дегани эмас. Чунки ерни хусусийлаштириш моҳиятан илғор ғоя. Уни амалга ошириш, табиийки, осон бўлмайди.