Нуқтаи назар: Уруш ҳандақларида унутилганлар…

Муаллиф: Дмитрий Глуховский

Путин ва КГБ айғоқчиларининг ҳокимиятга келиши билан биз Ғалаба кунини янада тантанали, баландпарвозлик билан нишонлайдиган бўлдик. Ҳар май ойи, бутун май ойи давомида жуда катта пафос билан ҳеч биримиз қатнашмаган Буюк урушни хотирлаймиз.

Нега шундайлиги ойдай равшан: Қримгача мамлакатимизда умуман Ғалаба бўлмаган. Қримдаги ғалаба ҳам Қобилнинг Ҳобил устидан эришган ғалабадек ҳунук, азобли. Унинг таровати ҳам борган сари йўқолиб боряпти. Шунинг учун ҳам ушбу ғалаба нашидасини георгий лентаси билан халқ қўлига топширишга тўғри келди.

Улуғ ватан урушидаги ғалаба, умуман ушбу урушда омон қолганимиз мислсиз қонлар тўкилиши эвазига бўлди. Бу қон бизни онгли фикрлашдан маҳрум этади, барча шубҳаларни йўққа чиқаради. Биз ўзимиздан сўрай олмаймиз: ўзимиз Урушни яқинлаштирмадикми? Ўзимиз унга сабабчи бўлмадикми? Ёки ўша пайтда барчасини тўғри қила олдикми? Тўғри жанг қила олдикми? Инсон ҳаётини асраб қолишга ҳаққимиз бормиди? Бундай саволларнинг барчаси ҳалок бўлганлар хотирасини ҳақорат қилади, яъни ҳамманинг дилини оғритади, чунки бу уруш ҳар бир хонадондан кимнидир нариги дунёга олиб кетган…

Жангларда тўкилган қон Урушни муқаддаслаштирди, уни дахлсиз қилди. Миллионлаб ота ва боболаримизни раҳм-шавқатсиз қирган Сталин ушбу қон асосида муқаддас, буюк доҳий бўлди. Демак, бугун Сталинни ҳақорат қилиш унинг номи билан ҳалок бўлганларни ҳақорат қилиш билан баробардир. Йўқса, миллионлаб одам шунчаки ҳалок бўлган бўлиб чиқади.

Биз ўша урушда қотиб қолдик. Биз унинг траншея ва ҳандақларидан тобора чуқур жой олаяпмиз. Биз, майли қолган дунё йигирма биринчи асрда бўлсаям, йигирманчи асрни ишончли ҳимоя қилаяпмиз, уни тарк эта олмаяпмиз, у билан яшаяпмиз.

Америкаликлар Иккинчи жаҳон уруши тугаганини нишонламайди, немислар ва инглизлар бу кунни байрам қилмайди. Улар бу урушда омон қолишган, у тарихга айланди. Фақатгина бизнинг мамлакатнигина уруш ҳандақларида унутиб қолдиришган. Биз Штирлицни томоша қилишдан тўхтамаймиз. Оқ уй олдида георгий тасмаси билан юриб ўтишдан ҳузур оламиз.

Биз жангда ҳалок бўлганларни аллақачон дафн этишимиз керак эди. Аммо биз уларни қазиб олиб, янги урушларга ҳайдаяпмиз. Улар унсиз Берлинга, Киевга, Вашингтонга юриш қилишмоқда. Ўлмас полк Қизил майдон узра энг замонавий бронотехника изидан ҳужумга отланмоқда. Тинчлик эмас, уруш қадриятга айлангандек гўё.

Биз артистларимизнинг бутун май ойи давомида, ҳар май ойида фронт қўшиқларини эшитамиз. Қўшиқларки, ўлим ҳақида, ёш жони билан ўлимга тайёрлиги хусусида, ўлишнинг даҳшатли эканлиги тўғрисида, ўлишни қандай ўрганиш ҳақида… Бу қўшиқлардан ўзимизни йўқотамиз. Қўшиқларни тинглар экансиз, онгсиз равишда сафга тузиламиз, ўлишимиз фарз бўлган доҳийларни излай бошлаймиз. Бунинг учун ҳар қандай доҳий бизга етарлидир. Май ойида биз шундай кайфият билан юрамиз.

Келажак ҳақида ҳеч қанақа тасаввуримиз бўлмагач, ўтмишдан нажот излаймиз. Келажакдан қўрқамиз, унинг мавҳумлигидан қўрқамиз. Биз ўзимизнинг даҳшатли, қонли ва азобли ўтмишимиздан қувват, куч излаймиз. Чунки энг даҳшатли онлар ортда қолганига ўзимизни ишонтиргимиз келади.

Бизни олдинга етаклаётган кишилар эса ўзлари билмаган ҳолда қаришмоқда. Улар ҳам барча кишилар сингари ўз ёшлик онларини соғинади, унга қайтгиси келади. Улар олдинга юришдан қўрқишади: чунки олдинда уларни пенсия ва ўлим кутиб турибди. Улар келажакда бизни нима кутиб турганини тасаввур қилиб кўрмоқчи эмас. Чунки бизнинг келажагимизда уларга ўрин йўқ. Келажак эса борган сари биздан, турган жойиимиздан, траншея ва фронт чизиғидан йироқлашмоқда. Келажак бизга кўринмайди, у аллақачон уфқ ортига беркинган. Балки биз уни ҳеч қачон кўрмасмиз.

Модомики биз ўзимиз қабрлардан чиқариб олган барча жасадларни дафн этмас эканмиз, келажак эшиги биз учун ёпиқдир. Биз ўтмиш билан ўйнаш мумкин деб ўйлагандик, аммо бугун ўтмиш биз билан ўйнамоқда.

Материал “Сноб” журналида чоп этилган.

SHARE