Жанубий Кореяда Invest in Uzbekistan бизнес-форуми ўтказилди

Сеулда (Корея Республикаси) Корейс биржаси билан ҳамкорликда Invest in Uzbekistan Халқаро бизнес-форуми ўтказилди.

Давлат Рақобат қўмитаси матбуот хизматининг маълумотларига кўра, форумда Жанубий Корея Ҳукумати, Корейс фонд биржаси ҳамда етакчи корейс компанияларининг вакиллари иштирок этишди.

Қатнашчилар орасида Samsung, LG, Lotte Group, Hyundai, Daewoo Pasco, Kogas, Hanjin, Shingdong компаниялари, корейс банклари ва бошқалар бор эди, деб ёзади Kun.uz сайти.

Форумни очган Жанубий Корея бош вазири ўринбосари Ё Иль Хо етакчи Корея компанияларини “Дунёнинг энг тез ривожланаётган барқарор иқтисодиётини йўлга қўйган Ўзбекистон”ни фаол инвестициялаштиришни таклиф қилди. У “сўнгги 10 йил ичидаги глобал инқирозга қарамай ўзбек иқтисодиётининг йилига 8 фоизга ўсаётганлиги”ни алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистон Кореянинг Евроосиё ташаббусини амалга ошириш доирасидаги асосий минтақавий ҳамкори эканлигини билдириб, кейинги ҳамкорлик учун тўртта устувор йўналишни таклиф қилди:

1) ўзаро савдо-сотиқнинг ўсишига йўл очувчи аэропорт ва транспорт коммуникацияларининг қурилиши ва модернизациялаштирилишига доир лойиҳаларни ўз ичига олган транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш;

2) энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш, углеводород хом-ашёсини чуқур қайта ишловчи ва қуёш энергетикасининг ривожлантиришга оид лойиҳалар;

3) тез ривожланаётган мамлакатлар билан инновацион-креатив ҳамда технологик ҳамкорликни кенгайтириш, улар орасида Ўзбекистон энг асосий ва ишончли ҳамкор ҳисобланади;

4) минтақада ўзаро фойда ва ишонч принципларига асосланган ҳамкорликнинг ривожланиши ва мустаҳкамланиши.

Форумда Ўзбекистон вакиллари Кореянинг ишбилармон доираларига республика корхоналари акцияларини инвестициялаштиришнинг истиқболли имкониятларини тақдим этишди.

Бизнес форум доирасида етакчи корейс компаниялари ва республикамизнинг акциядорлик жамиятлари ўртасидаги музокаралар якуни бўйича келишув битимларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

SHARE