Ўзбекистон 2020 йилгача мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари етиштиришни 35 фоизгача оширишни режалаштирмоқда

Ўтган йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 2 миллион 731 минг тонна мева, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум етиштирилди. Бу ҳақида ЎзА Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Ботиржон Сулаймонов маълум қилди.

Сўнгги йилларда қарийб 100 минг гектарда мевали боғ ва токзорлар барпо этилди. Кейинги уч йилда 22 минг гектардан зиёд майдонда илмий асосланган интенсив боғ ташкил қилинди. Селекционерларимиз яратган иқлим шароитимизга мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ нави, мева ва резавор экинлар ва узумнинг 175 нави парваришланмоқда. Бунда пахта майдонлари қисқариб, мева-сабзавот, полиз ва узум етиштиришга ихтисослашган майдонларнинг кенгайиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Етиштирилган маҳсулотни сифатли сақлаш ва бозорларимизга узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йилда 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Бу 830 минг тоннадан зиёд мева-сабзавотни сақлаш, бозорларимизда нархнинг бир меъёрда бўлишида муҳим ўрин тутди.

Бозорларимиздан қишин-ёзин мева-сабзавот узилмайди. 2015 йилда мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун БМТ томонидан мукофотланган 14 давлатдан бири бўлгани ҳам бежиз эмас.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу маҳсулотларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантиришга қаратилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунё бозорида етакчи мавқега эга. Хусусан, ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи ўн давлат қаторида туради. Халқимиз эҳтиёжидан ортиқча 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Япония, Таиланд, Индонезия, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Россия, Словакия сингари 80 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Президентимиз қарори экспорт ҳажмини янада ошириш ва кўламини кенгайтиришга хизмат қилади. Унга кўра, жорий йилдан бошлаб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси амалга оширилади.

Ҳозирги кунда экин майдонлари оптималлаштирилиб, ҳосилдорликни оширишга эътибор қаратилмоқда. Янги боғ ва токзорлар барпо этилиб, уларга селекционер олимларимиз яратган ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлар экилмоқда. Бундай ишлар натижасида 2020 йилга бориб картошка етиштириш 35 фоизга, сабзавот 30, мева ва узум 21,5 фоизга ошиши кутилмоқда.

Қарорда ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини комиссия шартномалари асосида экспорт қилишда комиссия хизмати учун тўлов миқдори 1 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Дунё амалиётида бу шартнома қийматининг 10 фоизигача етиши кузатилади. Мамлакатимизда бу тўлов 1 фоиз қилиб белгилангани деҳқон, фермер хўжаликлари ва агрофирмаларимиз учун катта қулайликдир.

Маҳсулот етиштирувчиларнинг фаолиятини янада тартибга олиш, уларнинг хорижий шериклар олдида манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилди. Ушбу компания икки турдаги шартномани имзолайди. Биринчиси тўғридан-тўғри экспорт шартномаси бўлиб, бунда компания экспортни ўз номи ва маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Иккинчиси фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган комиссия шартномаларидир. Ушбу жараёнда компания уч томонлама – “компания – хорижий шериклар – деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрофирмалар” тарзида шартнома имзолайди.

Соддароқ қилиб айтганда, компания воситачи сифатида “комиссионер”, маҳсулот етиштирувчилар эса “комитент” мақомини олади. Комиссионер комитент манфаатларини кўзлаб, хорижий шериклар билан экспорт борасида ўз номидан шартномалар имзолайди. Бу ҳолда комитент компанияга сотилган маҳсулотнинг қийматига нисбатан комиссия хизматига ҳақ тўлайди.

Ҳозирга қадар фермер маҳсулот етиштиришда кўплаб имкониятлардан фойдаланар, бироқ маҳсулотига харидор топишда бироз қийналиб қоларди. Президентимиз қарори билан маҳсулотларни саноат усулида қайта ишлаш учун давлат буюртмаси доирасида харид қилиш учун “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ташкил этилгани фермерларга қатор қулайликлар яратади. Компания тизимидаги хусусий шаклдаги қайта ишлаш корхоналари фермер ва деҳқон хўжаликлари билан тузилган контракция шартномалари асосида шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорида бўнак тўлайди. Томонларнинг ўзаро келишуви асосида бўнак – уруғлик, мевали дарахтлар кўчати, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар ёки пул кўринишида бўлиши мумкин.

Маҳсулот етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш, уларга ўзлари етиштирган маҳсулотларни сотишда кўмаклашиш мақсадида мамлакатимизда жорий йилдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро ярмаркалари ташкил этилади. Уларда кейинги йил учун экспорт шартномалари тузилади. Ҳамкорларимиз мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш, соҳани ривожлантиришда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган тадбирлар билан яқиндан танишади. Мулк эгалари илм-фан соҳасидаги янгиликлар, илғор хўжаликлар тажрибаларини ўрганиш, хорижий шерикларнинг маҳсулот сифатига, ташқи кўринишига, қадоқлаш технологияларига, кимёвий таркибига қўядиган талабларини аниқ-тиниқ билиш имконига эга бўлади.

SHARE