Эрон Хитойдан Эронга борадиган темир йўлнинг хавфсизлик нуқтаи назардан Ўзбекистон орқали ўтишини таклиф қилмоқда

Эрон хавфсизлик нуқтаи назаридан Хитой — Қирғизистон — Тожикистон — Афғонистон — Эрон темир йўлига муқобил йўналишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақида “Кыргызтемиржолу” миллий компанияси темир йўлларни лойиҳалаш дирекцияси раҳбари Канат Абдикаримов маълум қилди.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг хабар тарқатишича, Хитой — Қирғизистон — Тожикистон — Афғонистон — Эрон темир йўлини қуриш иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти шафелигида кўзда тутилаётган эди. “Бугунги кунда лойиҳани дастлабки техник-иқтисодий баҳолаш ва унинг иқтисодий-техник жиҳатдан ўзини оқлашини аниқлаш керак бўлади. Ҳозирда ушбу лойиҳа бўйича экспертлар гуруҳи иш олиб бормоқда ва ўтган йилнинг октябрь ойида Бишкекда гуруҳнинг учрашуви бўлиб ўтди”, деди у.

Қирғизистонлик мутахассиснинг сўзларига кўра, Эрон томонидан таклиф қилинган янги муқобил йўналиш имкониятларини ўрганиб чиқиш керак. Эрон темир йўлни Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон орқали ўтказишни таклиф этяпти.

“Шуни айтиш керакки, биз биринчи ўринда юклар ва йўловчилар хавфсизлиги масаласини кўзда тутишимиз керак. Шунинг учун темир йўлнинг Ўзбекистон ва Туркманистон орқали ўтишини таклиф қиляпти”, деди у.