CASA-1000 лойиҳасини амалга оширишга киришилди: иқтисодий лойиҳанинг сиёсий ечими топилдими?

Шу йилнинг 12 май куни Душанбеда Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистон давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари иштирокида Маркази й Осиёдан Жанубий Осиё мамлакатларига электр энергияси етказиб беришни кўзда тутувчи CASA-1000 субминтақавий лойиҳасига старт берилди.

Бундан 10 йил муқаддам эълон қилинган мазкур лойиҳа концепцияси оддий эди. Яъни ёзда, Афғонистон ва Покистон электр энергия катта эҳтиёж сезганда, Тожикистон ва Қирғизистон эплай олмайдиган музликлар эриши ҳисобига гидроэлектр станциялари резервуарларини тўлдириш режалаштирилган эди. Ғоя табиатни назорат қилиш орқали электр энергия ишлаб чиқариш ҳамда уни транзит линиялари орқали эҳтиёжманд мамлакатларга етказиб беришдан иборат эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати бир миллиард 160 миллион доллар бўлиб, уни амалга ошириш учун Жаҳон банки 527 миллион доллар миқдорида грант ва имтиёзли кредит бериш, АҚШ Давлат департаменти эса 15 миллион доллар ажратишни таклиф қилди. Тожикистон ҳукуматининг лойиҳадаги улуши эса 15 миллион долларни ташкил қилади. Ваҳоланки, лойиҳанинг 350 миллион долларлик қисми айнан Тожикистонда сарфланади.

Аслида лойиҳа сиёсий мақсадни кўзлаган эди. Америка ҳукумати CASA-1000 лойиҳаси “Янги ипак йўли” концепциясига қувват бағишлашига умид билдирмоқда. Бу концепция ўша пайтдаги Давлат котиби Ҳиллари Клинтон томонидан илгари сурилган эди. Унинг ғояси шунда эдики, собиқ Иттифоқ давлатларининг Афғонистон билан савдо алоқаларини янада яхшилаш ҳамда инфратузилмасига ёрдам бериш орқали Россиянинг уларга бўлган таъсирини камайтиришни кўзлаган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон ушбу лойиҳага шубҳа билан қараб келади. Аммо “Қирғистон миллий электр тармоғи” ОАЖ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ижрочи директори Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳасини амалга оширишга қарши эмаслигини таъкидлаган.

The Economist
The Economist

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳада иштирок этишдан Ўзбекистон ҳукумати бош тортган эди.

Хусусан, 2014 йилнинг 18 июль куни Алматида бўлиб ўтган Жаҳон банки конференциясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов CASA-1000 лойиҳаси ҳақида Ўзбекистон муносабатини билдириб ўтган эди.

“Биз афсус билан шуни таъкидлашга мажбурмизки, Жаҳон банкининг хатти-ҳаракатларида аниқ ва равшан мантиқий изчилликни кўрмаяпмиз. Жорий йилда Жаҳон банки CASA-1000 юқоривольтли электр линиясини қуриш лойиҳасини молиялаштиришни ҳамда амалга оширишни тасдиқлади. Ваҳоланки, ушбу лойиҳа етарли даражада электр ишлаб чиқариш манбаларисиз, линия ўтказишнинг аниқ йўналишларисиз, транзит вақтида электр энергиясининг жиддий йўқотишларга учрашини ҳисобга олмаган ҳолда, маблағ киритишнинг якуний қийматисиз, электр энергия транзити учун тариф ва нарх параметрларини келишмасдан маъқулланди”, — деди Азимов.

Бош вазир биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳар қандай иқтисодчига энергетика соҳасида ҳар қандай инвестиция лойиҳасини шакллантирадиган мазкур асосий маълумотларсиз ушбу лойиҳани тасдиқлаш ва уни амалга оширишга киришиш хомхаёлдан бошқа нарса эмаслигини яхши тушунади. Ҳозирги кунда Қирғизистоннинг ўзи ёз вақтида 500 миллион Квт соат электр энергиясини харид қилишини инобатга оладиган бўлсак, CASA-1000 лойиҳасининг асосланмаганлигини ҳамда сунъий жадаллаштирилаётганини кўрсатади.

“Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки ушбу лойиҳаларни юқорида қайд этилган сабаблар туфайли молиялаштиришдан бош тортгани бежиз эмас. Шундай бўлса-да, Жаҳон банки томонидан лойиҳа тасдиқланган”, — деб хулоса қилади Рустам Азимов.

Бир сўз билан айтганда, Тожикистонда лойиҳани амалга оширишга старт берилди. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида муносабатлар сўнгги йилларда ижобий тарафга ўзгараётганини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳаси бўйича ўз фикрини ўзгартирган бўлиши ҳам мумкин.

SHARE