Бутунроссия ўзбеклар ва ўзбекистонликлар конгресси: Хован қабристонида юз берган фожеанинг олдини олиш мумкин эди

Россиянинг Хован қабристонида юз берган фожеанинг олдини олиш мумкин эди, дея маълум қилди Бутунроссия ўзбеклар ва ўзбекистонликлар конгресси.

Шу йилнинг 14 майда Хован қабристонида 200 га яқин одам иштирокида оммавий муштлашув содир бўлди. Муштлашувда бир томонда арматура, бита, белкурак билан қуролланган марказий осиёликлар, бир томонда ўқотар қуроллар билан қуролланган кавказликлар иштирок этишди. Муштлашув оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 26 киши жароҳат олди. Қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатилди, 90 га яқин одам ҳибсга олинди.

Маълумотларга кўра, муштлашув қабристонда хизмат кўрсатиш соҳасини талашиш сабабли юз берган. РИА “Новости” ахборот агентлиги маълумотига кўра, қабристонда хизмат кўрсатишдан даромад олишга интилиб, қабристон ҳудудини эгалламоқчи бўлган доғистонлик ва чечен миллатига мансуб кимсалар у ерда дафн билан боғлиқ хизматлар кўрсатиб юрган тожик ва ўзбекларга ҳужум қилган.

“Меҳнаткаш мигрантлар Россия қонунларига қатъий риоя этиши жуда муҳимдир. Бунга Россиянинг барча ҳудудларида давлат идоралари билан бирга комплекс ижтимоий-адаптация марказларини ташкил этиш орқали эришиш мумкин”, дейилади конгресс баёнотида.

Уларнинг фикрича, бу мигрантларнинг Россия жамиятига мослашувига, уларни турли фирибгарлар ва ғаразли иш берувчилардан ҳимоя қилишда қўл келади.

“Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Хован қабристонида юз берган фожеанинг олдини олиш мумкин эди. Кимнидир депортация қилиш зарурати бўлмасди, ҳалок бўлганлар тирик қоларди, ҳеч ким жароҳат олмасди”, дейилади баёнотда.

Шу муносабат билан Бутунроссия ўзбеклар ва ўзбекистонликлар конгресси ватандошларни Россия қонунчилигини бузмасликка, шу жумладан, жиноий гуруҳларга қўшилмасликка, барча масалаларни қонун йўли билан ҳал қилишга, бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирган.