Кэролин Лэмм: “АҚШ компаниялари Ўзбекистоннинг асосий сармоявий ҳамда савдо шериклари бўлишига умид қиламиз”

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм Ўзбекистон ҳукуматининг бизнес юритиш учун шароитларни соддалаштириш ва енгиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди. Бу ҳақида “Жаҳон” АА хабар тарқатди.

Унинг сўзларига қараганда, республиканинг ҳар йиллик иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда мамлакат иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий сармояларнинг ҳажми эътиборга сазовордир. “Мўлжалланган сармоявий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида АҚШ компаниялари Ўзбекистоннинг асосий сармоявий ҳамда савдо шериклари бўлишига умид қиламиз”, деди у.

К. Лэмм жаҳон иқтисодиётида молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистонда ўсувчан тараққиёт кузатилаётганини, саноатни янада модернизациялаш ҳамда юқори қўшимча қийматли товарлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган мажмуавий ва тизимли чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади. У институционал ислоҳотларни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилингани Америка компаниялари учун янги корхоналар тузиш ҳамда амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш учун туртки бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси Ўзбекистондаги ишбилармонлик ва сармоя муҳитига холис баҳо бериши билан АҚШда танилган. Бизнинг палатамиз аъзоларининг кўпчилиги мустақилликнинг биринчи кунларидан буён республикада фаол иш олиб бормоқда. Улар мамлакатда рўй бераётган ўзгаришларнинг, жумладан, бизнес юритиш учун ҳамда хорижий сармоядорлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қулай шароитларни яратиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг гувоҳлари ҳисобланишади”, деди К. Лэмм.

SHARE