“Ўзагроэкспорт” умумий қиймати 1 миллиард 374 миллион долларлик мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини экспорт қилиш учун битимлар имзолади

“Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси жорий йилнинг 11 май ҳолатига хорижий шерик ва компаниялар билан мева ва сабзавот маҳсулотларини қилишга 176 та узоқ муддатли ва қисқа муддатли шартномалар имзолади.

UzDaily.uz сайтининг ёзишича, шартномаларнинг умумий қиймати 1 миллиард 374 миллион долларни ташкил қилади. Мазкур битимлар доирасида “Ўзагроэкспорт” компанияси 1 миллион 276 минг тонна Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси маҳсулот етиштирувчиларнинг фаолиятини янада тартибга олиш, уларнинг хорижий шериклар олдида манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилди. Ушбу компания икки турдаги шартномани имзолайди. Биринчиси тўғридан-тўғри экспорт шартномаси бўлиб, бунда компания экспортни ўз номи ва маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Иккинчиси фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган комиссия шартномаларидир. Ушбу жараёнда компания уч томонлама – “компания – хорижий шериклар – деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрофирмалар” тарзида шартнома имзолайди.

Соддароқ қилиб айтганда, компания воситачи сифатида “комиссионер”, маҳсулот етиштирувчилар эса “комитент” мақомини олади. Комиссионер комитент манфаатларини кўзлаб, хорижий шериклар билан экспорт борасида ўз номидан шартномалар имзолайди. Бу ҳолда комитент компанияга сотилган маҳсулотнинг қийматига нисбатан комиссия хизматига ҳақ тўлайди.

SHARE