Ўзбек тили ва адабиёти университети янги ўқув йилида 300 нафар талаба қабул қилади

    Ўзбекистон Президентининг 13 майдаги қарори асосида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2016-2017 ўқув йилида 300 нафар талабани қабул қилади.

    Бакалавриатга қабул қилинадиган жами талабаларнинг 150 нафари давлат гранти асосида, 150 нафари эса тўлов-контракт асосида таҳсил олади.

    Таълим йўналишлари бўйича қабул квоталари

    Ўзбек тили филологияси — 80 (40 — грант/40 — контракт);

    Ўзбек тили ва адабиёти — 120 (60/60);

    Ўзбек-инглиз таржима назарияси ва амалиёти — 100 (50/50).

    Ҳукумат қарорига биноан, Университет Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Тошкентнинг Яккасарой тумани Ўқитувчи кўчаси 103-уй манзилидаги биноларига жойлаштирилади. Университет қаршисида Алишер Навоий ҳайкали қад кўтаради. Ўз навбатида, Тошкент давлат педагогика университети Чилонзор туманидаги 1-сонли Тошкент педагогика коллежи биносига кўчади.

    Эслатиб ўтамиз, янги университет Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультети, Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультети, шунингдек, Фанлар Академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти базасида ташкил этилди.

    Университетга 2015 йилнинг июнидан Ўзбекистон Миллий университети раҳбари бўлган филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ректор этиб тайинланди.

    SHARE