Euronews телеканалида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” рекламаси пайдо бўлиши мумкин

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Euronews телеканали билан музокара ўтказмоқда. Хусусан, яқинда компания телеканал вакили билан учрашув ўтказди.

Учрашувдан кўзланган мақсад ўзаро фойдали ҳамкорлик истиқболлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК савдо белгиси ва хизматларини Европа бозорида реклама ҳамда бошқа қўшма лойиҳалар ёрдамида тарғиб қилиш масалаларини муҳокама этишдан иборат.

Маълумки, Euronews телеканали Европанинг йирик медиа компанияларидан бири бўлиб, 13 тилда эфирга чиқади.
Euronews телеканалининг тижорат департаменти менежери Анна Мерцалованинг айтишича, айни вақтда телеканал “Ўзбектуризм” миллий компанияси билан яқин ҳамкорлик қилиб келади.

Телеканалда сайёҳлар эътиборини Ўзбекистонга жалб этиш учун турли мавзуларда лавҳалар тайёрланиб, эфирга узатиб келинмоқда. У, шунингдек, Uzbekistan Airways савдо белгисининг ахборот агентлиги сайтида кенг тарғиб қилиш каби турли ташвиқот йўлларини санаб ўтган.