АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам ҳажмини оширади

Вашингтоннинг Марказий Осиё бўйича бюджет ҳаражатлари ортиб бормоқда. Жанубий ва Марказий Осиё бўйича АҚШ Давлат котибининг муовини Д. Розенблюм яқинда АҚШ Сенатининг ташқи алоқалар бўйича қўмита йиғилишида қилган маърузасида бу борада бир қатор рақамларни келтириб ўтган.

Д. Розенблюм ўзининг маърузасида 2017 йилда Вашингтоннинг Марказий Осиё давлатларига ёрдам бериш борасидаги ташқи сиёсий масалалар борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Қайд этилдики, “АҚШ Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш учун узоқ муддатли бўлган икки манфаатга эга”. Биринчидан, Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги ҳамда суверенитетини қўллаб-қувватлаш. Иккинчидан, минтақани террорчилар паноҳ топадиган ҳудудга айланмаслигини олдини олиш.

Шунингдек, АҚШ Давлат департаментининг 2017 йил бўйича берган молиявий талаби 2015 йилга нисбатан шу мамлакатларга бўлган молиявий ҳаражатларнинг ўсиб бораётганлиги билан фарқ қилади. Хусусан, Давлат департаментининг 2017 йилга Қирғизистон Республикаси учун бўлган талаби 51,8 млн.доллар, яъни 2015 йилга нисбатан 39%га кўп, Тожикистон Республикаси учун эса 41,6 млн.доллар, яъни 44%га кўп, Ўзбекистон Республикаси учун 11,6 млн.доллар, яъни 9%га кўп, Қозоғистон Республикаси учун 8,8 млн.доллар, яъни 5%га кўп, Туркманистон учун 4,8 млн.доллар, яъни 44%га кўпни ташкил этади.