Ангрен-Поп темир йўли фойдаланишга топширилди

    Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”да 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. ЎзАнинг хабар беришича, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.

    Ислом Каримов мазкур ғоят улкан лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон учун катта ютуқ, муҳим ва унутилмас тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.

    Қурилиш давомида Ўзбекистон ва Хитой қурувчилари, муҳандислари, мутахассислари аҳил ҳамкорликда меҳнат қилиб, юксак касб маҳоратини намоён этди. Ушбу иншоот энг юксак халқаро нормаларга жавоб беради ва жаҳон амалиётида ноёб лойиҳадир. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши юк ташиш бўйича вақт ва маблағ тежаш имконини беради, шунингдек, транзит, ишлаб чиқариш ва инфратузилма салоҳиятини кескин оширади, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади, деди Президент.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл тизимида ҳаракатланадиган “Ўзбекистон” йўловчи поездининг Қамчиқ туннелидан ўтишига рухсат берувчи семафорни ёқиш учун махсус тугмани босдилар…

    UzA
    UzA

    Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига, ундан кейин Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилиши бу борада “кўприк” вазифасини ўтайди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган туннель қурилишига умумий қиймати 455 миллион долларлик маблағ йўналтирилди.

    Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони орқали ўтган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятлари ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.

    Бунёдкорлик ишларида “China Railway Tunnel Group” компаниясининг мингдан зиёд ишчи-мутахассислари, уч мингдан зиёд темирйўлчилар, уч юздан ортиқ электрмонтажчи иштирок этди. Моҳир қурувчилар 32 ой мобайнида мураккаб табиий шароитларда – ёз жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам ишни бир меъёрда олиб борди. Бу ўз самарасини берди.

    Узунлиги 123,1 километр бўлган Ангрен-Поп темир йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида 19,2 километрлик туннель очилди. Туннелдан ташқари бу ерда 43 миллион куб метр тупроқ, 16,3 миллион куб метр бурғулаш, портлатиш ишлари бажарилди. Шунингдек, 285 сунъий иншоот ва сув ўтказиш қувурлари, умумий узунлиги 2,1 километр, ўртача баландлиги 25 метрлик 15 темир йўл кўприги ва 6 йўл ўтказгич барпо этилди. 4 станция, 4 разъезд ва 2 вокзал қуриб битказилди, 2 ним тортиш станцияси қурилди. Умумий қиймати қарийб 1 миллиард 635 миллион долларлик маблағга тенг бўлган мазкур улкан лойиҳа доирасида темирйўлчилар учун ўнга яқин турар жой бинолари барпо этилди.

    Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур темир йўл орқали шу йилнинг ўзида 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш мумкин. Қурилиш даврида 4 минг киши иш билан таъминланган бўлса, темир йўлдан доимий фойдаланила бошлагач, яна 1,5 минг янги иш ўрни яратилади.

    UzA
    UzA

    Айни пайтда қурилиш ишларининг мураккаблиги бўйича дунёда саккизинчи, узунлиги жиҳатидан ўн учинчи, МДҲ мамлакатлари орасида ягона бўлган Қамчиқ туннели Тошкент вилояти билан Наманган вилояти ўртасида робита вазифасини ўтайди.

    Маросимда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг улкан самараси, халқларимиз ўртасидаги яқин дўстликнинг яна бир ёрқин намунаси эканини таъкидлади.