Истанбулдаги терактда Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди

Истанбул халқаро аэропортидаги террорчилик ҳаракати натижасида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди. Daryo.uz сайтининг турк нашрларига таяниб хабар беришича, теракт қурбонлари орасида 22 ёшли наманганлик Аброржон Устабаев ҳам бор.

Нашр маълумотларига кўра, йигит аэропортга келиб, таксидан тушган заҳоти ҳужум бошланган ва у воқеа жойида ҳалок бўлган.

Аввалроқ эса Отатурк аэропортидаги террорчилик ҳаракатлари оқибатида 13 чет эллик, хусусан, Ўзбекистон фуқароси Самат Муҳиддинов ҳам ҳалок бўлгани хабар берилган эди.

28-июн, сешанба куни кечқурун Истанбулдаги Отатурк аэропорти халқаро терминалида учта портлаш юз берди. Уч нафар худкуш террорчи йўловчиларни автоматдан ўққа тутди, сўнг портловчи қурилмаларни ҳаракатга келтирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, теракт натижасида 40 дан зиёд киши, жумладан 13 хорижлик қурбон бўлди, 239 киши яраланди.