Истанбул аэропортида теракт содир этганлар орасида ўзбекистонлик йўқ

Туркия Президенти Ражап Тайиб Эрдўған шу йилнинг 28 июнь куни Истанбул аэропортида юз берган терактнинг ортида Қирғизистон, Тожикистон ва Доғистон (Россия) фуқаролари турганини маълум қилди.

“Терактга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганлар сони 30 нафардан ошди. Ушбу шахслар воситасида биз аниқ ва муҳим хулосага келишимиз мумкин. Кўриб турганингиздек, улар Доғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда яшовчи фуқаролар бўлган. Афсуски, бизга ҳужум қилган қўшниларимиз ва яқин мамлакатлар фуқароларидир”, деди Эрдўған.

Туркия раҳбари теракт “Ислом давлати” террористик ташкилоти томонидан амалга оширилганини қатъий қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдинроқ Истанбулда теракт содир этганлар Россия, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлишгани ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Истанбул халқаро аэропортида юз берган 44 киши, шу жумладан, 19 нафар хорижлик ҳалок бўлди, 239 нафар киши турли даражада тан жароҳати олди.