Ўзбекистон куйдирги касаллиги тарқалиш хавфи туфайли Қозоғистон билан чегарада назоратни кучайтирди

Ўзбекистон санитария ва ветеринария хизматлари Қозоғистонда куйдирги касаллиги авж олганлиги туфайли чегарадаги назоратни кучайтирган. Бу ҳақида “РИА Новости” ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария инспекцияси вакилига асосланиб хабар қилган.

“Бугунги кунда куйдирги касаллигини юқтириш ҳолатлари Ўзбекистонда қайд этилмаган. Аммо, шундай бўлса-да, бу ҳолат қаттиқ назоратга олинган. Қозоғистон билан чегарада, чегара пунктларида ҳар куни санитария-эпидемиология ходимлари навбатчилик қилишмоқда”, — деди агентлик манбаси.

Манбанинг таъкидлашича, назорат-ўтказув пунктларида чегарадан олиб ўтилаётган маҳсулотлар қаттиқ назоратдан ўтказилиб, жониворлар эмланмоқда, аҳоли орасида вакцинация ўтказилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ветеринария Бош бошқармаси маълумотларига кўра, ёзги мавсумда жазирама туфайли юқумли касалликлар тарқалиши ҳолати авж олади.

Шу туфайли ҳудудларда профилактика ишлари кучайтирилади.

SHARE