«Ҳазрати имом» масжидига 50 мингдан зиёд намозхон ташриф буюрди

6 июль куни Тошкентнинг «Ҳазрати имом» марказий масжиди ҳар йилгидан намозхонлар билан гавжум бўлди, хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати.

Муфтий ҳазратлари барчани улуғ Рамазон ҳайити байрами билан қутлаб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга шукроналар айтди, дейилади хабарда.

Жомега ташриф буюрган 50 мингдан зиёд киши ҳайит намозини адо этиб, бир-бирларини байрам билан самимий муборакбод этди.

Масжидга келган нуроний отахонлар юртга тинчлик-фаровонлик, дастурхонларга тўкинлик, қут-барака, келаси йил Рамазон ойларига ҳамда ҳайит кунларига бекаму-кўст етиб бормоқни сўраб дуолар қилди.

Рамазон ҳайити намози пойтахтдаги 107 та жоме масжидда, шунингдек, мамлакатнинг барча ҳудудларида ўқилди.