«Нестле Ўзбекистон» қўшма корхонаси ўз савдо белгисини судда ҳимоя қилди

Тошкент хўжалик суди Ўзбекистонда «Нестле Ўзбекистон» қўшма корхонасини ташкил этган Société des Produits Nestlé S.A. (Швейцария) компаниясининг Family Group компанияси томонидан савдо белгисига бўлган ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисидаги даъвосини ижобий қондирди. Бу ҳақида Газета.uz сайти «Нестле Ўзбекистон” компаниясига таяниб хабар қилди.

Family Group ҚКга қарши реклама фаолияти, Family water сувларини ишлаб чиқариш ва сотишда Nestlé савдо белгиси график элементларидан фойдалангани тўғрисидаги даъво апрелда тақдим этилган эди. Nestlé Pure Life минерал сувларига тааллуқли бўлган қўлларини юқорига кўтарган одамларнинг услублаштирилган силуэти (бир рангда ишланган контур сурат), шунингдек, марказдан таралувчи кўк-мовий нурлар манзарасидаги айлана ана шундай қисмлардан саналади.

«Биз учун Family сувлари Ўзбекистон истеъмолчиларида катта эҳтимол билан Family Nestlé томонидан параллел равишда […] Nestle Pure Life билан ёки ҳаттоки унинг ўрнига ишлаб чиқарилмоқда, деган тасаввурни уйғотиши очиқ-ойдин далил ҳисобланади», — дейилади компаниянинг даъво аризасида.

Мазкур даъво «Ижтимоий фикр» маркази томонидан Тошкент, Самарқанд ва Андижонда ўтказилган сўровномаларда ҳам ўз тасдиғини топди. Сўровномаларда 18 дан 45 ёшгача бўлган 300 кишининг фикри ўрганилиб, уларга бренд номлари бекитилган Family ва Nestlé Pure Life сувлари идишлари кўрсатилди.

58,5% респондентлар савдо маркалари битта компанияга тегишли, дея маълум қилган бўлса, уларнинг 94 фоизи бунда Nestlé брендини эсга олди. Сўровномада қатнашган 53,2% кишилар Family Nestlé компанияси томонидан ишлаб чиқарилади, деган фикрни билдирган. Респондентларнинг бундай хулосага келишига ўхшаш ёрлиқларда оила ва инсонлар шаклларининг тасвирлангани сабаб бўлган, деган хулосани чиқаради.

Суд Nestlé даъвосини қондириш, Family Group`га реклама фаолияти, Family water сувларини ишлаб чиқариш ва сотишда қўлларини юқорига кўтарган одамларнинг услублаштирилган силуэти ҳамда марказдан таралувчи кўк-мовий нурлар манзарасидаги айланадан фойдаланишни тўхтатиш мажбуриятини қўйди.

«Нестле Ўзбекистон» 2002 йилдан буён Nestlé Pure Life қадоқланган сувларини ишлаб чиқаради.

Family water эса ўтган йилдан буён Ўзбекистон бозорида пайдо бўлди.

SHARE