Ўзбекистон Роғун ГЭСи борасида яна бир бор ўз хавотирини билдирди

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодага Тожикистоннинг Роғун гидроэлектростанциясини қуриш режасига нисбатан яна бир бор ташвиши билдирилган мактубини юборди. Бу ҳақида Газета.uz хабар тарқатди.

    Мазкур мурожаат Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилиши бўйича Италиянинг Salini Impregilo компанияси билан келишувга эришгани тўғрисидаги янгиликлар билан боғлиқ. Мактуб матни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

    «Қурилиш майдонида ўтказилган бир қатор тадқиқотлар, энг аввало Жаҳон банки шафелигида олиб борилган лойиҳанинг халқаро комплекс экспертизасида Роғун ГЭСи бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан таҳдидларни келтириб чиқариши тасдиқлангани, қўшни мамлакатлар раҳбарияти ва экспертлари баёнотларида бу ҳақда бир неча маротаба қайд этилгани ва Тожикистон ҳукуматига хабар қилинганига эътиборингизни такроран қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз, — дейилади мактубда. — Айнан шу сабабдан мазкур лойиҳа ортидаги улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хатарларни англаган ҳолда Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялашда иштирок этишдан воз кечган эди».

    «Бунёд этилаётган Роғун ГЭСи лойиҳаси 35 йилдан зиёдроқ аввал, 70- йиллардаги совет гигантоманияси даврида ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги замонавий талаблар ва тажрибалар уни тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан миқёсли ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9−10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган 3,9 млрд АҚШ доллари миқдоридан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган», — дейилади ҳужжатда.

    «Тожикистон ҳукуматининг қандай қилиб бўлса ҳам Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришга бўлган интилиши эҳтимолий хавфлар ва тожик томонидан ташланаётган хатарли одимларнинг тўғирлаб бўлмас оқибатларидан хавотирланмасликнинг иложи йўқ. Тожикистон ҳукумати мамлакат энергия таъминотидаги мушкул муаммоларни Тожикистон ҳудудидаги кўп сонли дарё ва сув манбаларидан фойдаланган ҳолда кичик ва ўртача ГЭСлар қуриш йўли билан ҳал этиш мумкинлигига барча асосларимиз бор. Бизга маълумки, бундай истиқболли дастур Тожикистонда аллақачон амалга оширилмоқда»,— қайд этилади мактубда.

    SHARE