Тошкентдаги мева-сабзавот ярмаркасида 2 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

    Тошкентда 12—16 июль кунлари бўлиб ўтган биринчи Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 270 шартнома имзоланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

    Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 27 фоизини сабзавотлар, 25 фоизини узум, 20 фоизини мевалар, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини қовун ташкил қилди. Ярмарка ниҳоясига етган бўлса-да, шартномалар тузиш ишлари давом этмоқда.

    Халқаро ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, совутиш ускуналари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлади. Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳаси вакилларининг маҳсулотлари мамлакатнинг барча вилоятларидан келган 170 дан ортиқ компания экспозицияларида кенг ўрин эгаллади.

    I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби мамлакатлардан уч юздан зиёд ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.

    SHARE