Ўзбекистон аҳолиси сони 32 миллионга яқинлашиб қолди

Дастлабки маълумотларга асосан, Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2016 йил 1 июль ҳолатига 31 миллион 807 минг кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 231,7 минг кишига ёки 0,7 фоизга ўсган. Бу ҳақида Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16 миллион 110 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,6 %), қишлоқ аҳолиси сони 15 миллион 697 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 49,4 %) ташкил этди.

Туғилиш. 2016 йилнинг январь-июнь даврида 318 минг нафар бола туғилиб, мос равишда туғилиш коэффициэнти 20,2 промиллени ташкил қилди (2015 йилда 20,2 промилле бўлган).

Ўлим. 2016 йилнинг январь-июнь ойларида 73,9 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда ўлим коэффициэнти 4,7 промиллени ташкил этди.

Рўйхатга олинган жами ўлганларнинг 59,7 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,6 фоизи ўсимталардан, 5,5 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 6,3 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 5,6 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан вафот этган.

2016 йилнинг январь-июнь даври мобайнида 3,7 мингта 1 ёшгача бўлган болалар ўлими қайд этилди ва гўдаклар ўлими коэффициэнти 10,0 промиллени ташкил этди. Рўйхатга олинган 1 ёшгача ўлган жами болаларнинг 53,5 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 24,4 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 10,2 фоизи туғма аномалиялардан, 3,0 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан вафот этган.

Никоҳ ва ажримлар. 2016 йилнинг январь-июнь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 92,4 мингта никоҳ ва 14,8 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. Республика бўйича никоҳ тузиш коэффициэнти 5,9 промиллени, никоҳдан ажралиш коэффитсиэнти эса 0,9 промиллени ташкил этди.

Миграция. 2016 йилнинг январ-июн даврида республика бўйича кўчиб келганлар сони 72,0 минг кишини, кўчиб кетганлар сони эса 84,4 минг кишини ташкил этди. Миграция салдоси минус 12,4 минг кишини ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 1,0 минг кишига кўпайди (2015 йилда минус 13,4 минг киши бўлган).

SHARE