Таиландда Ўзбекистон фуқароси АҚШ Федерал тергов бюроси сўрови билан қўлга олинди

Ўзбекистон фуқароси Ольга Комова (25 яшар) ва Россия фуқароси Дмитрий Украинский (44 яшар) АҚШ федерал тергов бюроси сўровига кўра Таиландда ҳибсга олинган. Бу ҳақида Таилан туризм полицияси маълум қилган.

Подробно.uz сайтининг ёзишича, Украинский Патайе шаҳрида қўлга олинган. Комовани эса у ишлайдиган меҳмонхонада ҳибсга олишган. Улар бир неча мамлакатлар фуқароларининг банк ҳисоб рақамларидан 28,5 миллион долларлик маблағини ўмарганликда айбланяпти.

Таиланд полицияси вакилига кўра, қўлга олинган шахслар зарарли келтирувчи дастурий таъминотни электрон почта орқали жўнатиш йўли билан турли мамлакатлар фуқароларининг АҚШ, Австралия, Япония, Буюк Британия, Италия, Германиядаги ҳисоб рақамларига оид маълумотларни ўмаришган. Федерал тергов бюроси ходимлари банк транзакциялари орқали ушбу фирибгарлик амалиёти Таиланд ҳудудида амалга оширилганини аниқлаган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими “РИА Новости” ахборот агентлигига бу ҳақида маълумот йўқлигини маълум қилган.  

SHARE