Руслан Чагаев WBA чемпионлигидан маҳрум қилинди

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев супер оғир вазндаги чемпионлик мақомидан жудо этилганини маълум қилди. Бунга спортчи унинг расмий рақиби Фрес Окендо олдидаги мажбуриятларини бажара олмагани сабаб бўлган, деб хабар бермоқда «BoxNews.com.ua».

Айтилишича, WBA бир неча маротаба Чагаевнинг жамоасига расмий мактуб йўллаб, Окендо билан музокаралар жараёнини бошлашни сўраган, аммо жавоб олмаган. Пуэрто-риколик даъвогар билан ҳимоя жанги ўтказиш бўйича музокаралар учун Чагаевга 120 кун мухлат берилганди.

2014 йилнинг июлида Чагаев Окендо устидан ғалаба қозонган, аммо пуэрто-риколик спортчининг жамоаси, жанг шартномасининг бузилишини рўкач қилиб, реванш учрашувининг ўтказилишига эришган эди.

Шу йилнинг 5 март куни Грознийда ўтган учрашувда Чагаев Лукас Браундан 10-раундда мағлубиятга учради. Аммо австралиялик боксчи допинг истеъмол қилганлиги фош этилгач, чемпионлик камари Чагаевга қайтариб берилди.

Энди титул тақдири Луис Ортис ва Александр Устиновнинг 17 сентябрь куни Лас-Вегасда ўтадиган учрашувида ҳал бўлиши мумкин, Окендо эса жанг ғолибига қарши чиқиш ҳуқуқини қўлга киритади.

SHARE