АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари “С5+1” мулоқот гуруҳи учрашувига нега Самарқанд танланган эди?

Американинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистондаги элчихоналарида АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюм билан ушбу мамлакатлар журналистлари иштирокида телеконференция ўтказилди.

Журналистлар С5+1мулоқот гуруҳининг ўтган йилги учрашуви нега айнан Ўзбекистонда ўтказилгани билан ҳам қизиққан. АҚШ давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюм сўзларига кўра, бунга Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа давлатлар вакиллари билан ўтказилган музокаралар асосида қарор қилинган.

495222546

“… Самарқанд ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамиятга эга шаҳар. Ўз вақтида ушбу шаҳардан ўтган Буюк Ипак йўли Осиё ва Европа ўртасида муҳим иқтисодий кўприк вазифасини бажарган. Шунинг учун ҳам бу рамзий танлов бўлган. Қолаверса, Самарқанд жуда чиройли шаҳар. Биз бу гўзалликка Регистон майдонига ташриф буюриш орқали яна бир бор гувоҳ бўлдик. Умуман айтганда, Самарқанд рамзий маънога эга қулай шаҳар”, деб изоҳ берди Розенблюм.

Brendan Smialowski/Agence France-Presse — Getty Images
Brendan Smialowski/Agence France-Presse — Getty Images

Самарқанд шаҳрига ўтган йили АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам баҳо берган эди. Унинг айтишича, БМТга бундан бир неча аср муқаддам Самарқандда асос солинган. У ушбу фикрни Қозоғистондаги Назарбоев университетида қилган маърузаси чоғида маълум қилган.

“Куни кеча кўҳна Ипак йўли шаҳри — Самарқандга ташриф буюрдим. Мен илк маротаба илгари карвонлар тоғу чўллар орқали босиб ўтган манзилни кўрдим. Бу йўл минтақа бўйлаб мол ташиган, одамларни маконига элтган, ғоялар алмашувига туртки бўлган. Яна бир тарихий воқеа ҳақида эшитдим: Ўн бешинчи асрда Испания қироли Генри III Гонзалес Клавихони Амир Темур ҳузурига элчи сифатида юборади. Клавихо Истамбул, Трабизон, Шимолий Эрон орқали Самарқандга кириб келади ва Амир Темур томонидан қабул қилинади. Айни пайтда шаҳарнинг ўша даврдаги ҳаёти ва қиёфасини батафсил тасвирлаб беради. У Самарқандни маданият, санъат, тижорат ва ғоялар кесишган шаҳар сифатида таърифлайди. Самарқандда сиз туркларни, арабларни, мусулмонларни, яҳудийларни, юнонларни, арманларни, христианларни, католикларни ва бошқа дин вакилларини учратишингиз мумкин бўлади. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундан 70 йил аввал Нью-Йоркда ташкил қилинган, деб ўйлаймиз. Йўқ, аслида унга бундан бир неча аср бурун Самарқандда асос солинган”, деди у ўз маърузасида.

US Secretary of State John Kerry tours the Registan cultural site on November 1, 2015 in Samarkand. REUTERS/Brendan Smialowski/Pool
US Secretary of State John Kerry tours the Registan cultural site on November 1, 2015 in Samarkand. REUTERS/Brendan Smialowski/Pool

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация қабул қилиниб, олти давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида умум манфаатдор масалалар юзасидан мунтазам сиёсий мулоқот ўтказиш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги формати – «С5+1»ни ташкил этиш маъқулланган эди.

 

SHARE