Ўзбекистонлик 15 нафар талаба Япония университетларида таҳсил олади

    Тошкентда 29 июль куни Ўзбекистон ва Япония ҳукуматлари ўртасида “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” лойиҳаси бўйича навбатдаги Алмашув ноталари имзоланди.

    Ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов ҳамда Япониянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Фумихико Като имзолади.

    Япония ҳукумати Ўзбекистонда амалга оширилаётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ижросини изчил қўллаб-қувватлаб келаётир. Хусусан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлашга доир қатор лойиҳалар учун грантлар ажратган. Япония ҳукумати билан 1999 йилдан буён амалга ошириб келинаётган кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган.

    “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” лойиҳаси доирасида шу кунгача ўзбекистонлик 280 талаба Кунчиқар мамлакатда билим ва касб кўникмасини оширди.

    Имзоланган навбатдаги ҳужжатга мувофиқ юртимиздан 15 талаба ўз мутахассислиги бўйича Япониянинг нуфузли университетлари магистратура босқичида таҳсил олиши учун қарийб тўрт миллион уч юз минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилади.

    SHARE