Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари Вашингтонда йиғилади

    Американинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистондаги элчихоналарида АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюм билан ушбу мамлакатлар журналистлари иштирокида телеконференция ўтказилди.

    Розенблюмнинг айтишича, шу йилнинг 3 август куни Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари Вашингтонда мулоқот олиб боришади. Америкалик дипломат кун тартиби лойиҳаси муҳокама қилинаётганини маълум қилди. Вазирлар АҚШ давлат котиби Жон Керри билан мулоқот ўтказади.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация қабул қилиниб, олти давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида умум манфаатдор масалалар юзасидан мунтазам сиёсий мулоқот ўтказиш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги формати – «С5+1»ни ташкил этиш маъқулланган эди.