“Ўзбекистон ҳаво йўллари” мустақиллик тенгқурларига бепул авиачипта тақдим қилади

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ўз йўловчилари учун қатор акциялар уюштириб, совғалар тайёрламоқда.

Унга кўра, 1991 йилнинг 1 сентябрида туғилган ёшларга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ички йўналишлар бўйлаб саёҳат уюштириш имкониятини тақдим этади.

Бундай ёшларга Ўзбекистондаги ички йўналишлар учун текин чипталар 1 сентябрдан 31 октябрга қадар сотилади.

«Мустақиллик тенгдошлари учун акция! 1991 йил 1 сентябрда туғилганларга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Ўзбекистон шаҳарларига ташриф буюриш имконини беради. Сиз республика ичидаги йўналишларга бепул авиачипта олишингиз мумкин. Таклиф Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1 сентябрдан 31 октябргача бўлган давр ичида амалга ошириладиган исталган қатновга нисбатан татбиқ этилади. Агар Сиз 1991 йил 1 сентябрда туғилган бўлсангиз, унда 1 августдан бошлаб совға – авиачиптани расмийлаштириш учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг авиачипталарни сотиш шохобчаларига мурожаат қилишингиз мумкин.Ҳурматли мустақиллик тенгдошлари, Ўзбекистондаги сиз ташриф буюришни истаган шаҳарни танланг ва байрам акциямиздан фойдаланинг!», дейилган хабарда.

Бундан ташқари, 1 сентябрь, Мустақиллик кунида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК қатновларида парвоз қиладиган барча йўловчиларга ҳаво кемаси саҳнида эсдалик сувенирлар топширилади. Борт кузатувчилари миллий авиаташувчи номидан йўловчилари байрам билан табриклашади ва тарихий воқеа хотирасига авиакомпания логотипи ва мустақиллик рамзи туширилган сувенирларни тақдим этишади.