Тожикистонда давлат тили талабларини бузган журналистлар жаримага тортилади

Тожикистон ҳукумати қошидаги Тил ва атамашунослик қўмитаси тожик тили қоидаларини бузган журналистларни жаримага тортишга қарор қилди. Бу ҳақида BBC рус хизмати хабар тарқатди.

Унга кўра, жисмоний шахслар учун жарима миқдори 75-100 долларни, юридик шахслар учун эса 150-200 долларни ташкил қилади. Жарима миллий валютада ҳисобланади ва тўланади.

Қўмита раҳбари Гавҳар Шарофзоданинг айтишича, журналистлар оддий одамлар учун тушунарсиз бўлган сўзларни кўп қўллашяпти. “Айрим журналистлар ўз материалларида мана шундай 10 та сўзни ишлатмоқда. Улар оддий ўқувчига, томошабинга, тингловчи мутлақо тушунарсиз. Айни пайтда давлат тили қоидалари қўпол равишда бузилмоқда. Бизда грамматика бор, тўғри ёзиш қоидалари мавжуд, қолаверса, риоя қилишимиз лозим бўлган тил қоидалари бор”, деди у.

Қўмита ташаббуси билан махсус ишчи гуруҳ тузилади, улар телевидение ва газета-журналларни қўпол хатоларни аниқлаш мақсадида кузатиб боради. Шу муносабат билан қўмита масъуллари мамлакатдаги давлат ва хусусий нашрлар раҳбарлари билан ушбу талаб ижроси бўйича учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.

Қўмита, шунингдек, тожик тилидаги миллий исмларнинг рўйхатини тузи, махсус реестр шаклида чоп этди.

SHARE